Тўсиқлар кўпайди, бағрикенглик-чи?
Мулоҳаза
Йил сайин маҳаллалар обод бўлиб чирой очиб бормоқда. Бир-бирини такрорламас кўп қаватли уйлар, улар олдидаги болажонлар, кексалар учун ҳордиқ чиқаришга мўлжалланган майдончалар ва айвонлар доим гавжум.
Ана шундай жойларни кўриб кўз қувнаса-да, кишини ранжитадиган ҳолатларнинг борлиги ҳам бор гап. Тошкент шаҳри аҳолиси кун сайин эмас, соат сайин зичлашиб бориши бугунги куннинг инкор қилиб бўлмайдиган воқелиги десак, муболаға бўлмайди.

Бугун якка тартибдаги уйлар яқинида кўп қаватли турар-жой мажмуалари барпо этилмоқда. Бу, шубҳасиз, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондиришга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, ҳовлида истиқомат қилувчи айрим фуқаролар томонидан шахсий дахлсизлик, соя-салқинлик, транспорт оқими ортиши каби масалалар юзасидан эътирозлар ҳам билдирилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ҳолатларда шаҳарсозлик меъёрлари, санитария ва қурилиш талабларига қатъий амал қилиниши, жамоатчилик фикрининг инобатга олиниши муҳим аҳамият касб этади.
Ҳозирда, Тошкент шаҳарнинг исталган туманини кузатинг, кўплаб ҳовлиларга яқин кўп қаватли уйлар барпо этилганига гувоҳ бўласиз. Бу ҳолат юзасидан ҳовлида яшовчи аҳоли вакилларидан кўплаб эътирозлар ҳам бўлмоқда. Сабаби, эса аён. Баланд уйларда яшовчилар якка тартибдаги хонадон эгаларини ҳовлидаги юриш-туришини бемалол кузатишлари мумкин. Бу анчагина ноқулайликлар туғдириши эса, ҳақиқат.
Бу масаланинг бир томони. Яна бир жиҳат борки, унга бепарво бўлиш мумкин эмас. Ана шундай чиройли хонадонлар оралаб юриб асабни қайрайдиган ҳолатни кузатиш мумкин. Маҳаллалар, кўп қаватли уйлар атрофи ва кўчаларга асфальт қопламаси ётқизилган. Хонадон эгалари кўча атрофини турли манзарали гуллар, салқин берувчи дарахтлар экиб янада шинам қилиб қўйган. Айримлари эса...
Ҳа, афсуски, шундай. Уй чегарасидан ташқарига чиқиб, қўшимча жойларни темир панжаралар билан ўраб олганлар ҳам талайгина. Яна бу ҳам етмагандек, ҳар ўн беш қадам жойга бетон қопламали йўл тўсиқлари тўшалган. Сиз бу ердан автоуловда юрасизми, пиёда юрасизми, албатта, туртиниб-суртиниб ўтишга мажбурсиз. Бундай ҳолни шаҳримизнинг исталган кўчасида учратиш мумкин. Автоуловда бўлсангиз машинангиз, албатта, таъмирталаб бўлади, пиёда бўлсангиз йиқилиб, тан жароҳати олишингиз юз фоиз кафолатланган.
– Кечагина маҳалла оралаб масжиддан кетаётган эдим, – дейди отахон биз билан суҳбатда. – Бир хонадон олдида бетон қопламали тўсиқларга кўзим тушди. Бир эмас, кетма-кет иккита шундай тўсиқ қўйилган экан. Биринчисидан ўтганимда кексалик қурсин, кўрмадим-да, деб қўйдим. Аммо, иккинчиси ҳам ундан баланд қўйилган шекилли, йиқилишимга бир бахя қолди. Ёнимдаги ҳамроҳим қўлимдан тутиб қолмаганда, ҳозир сиз билан суҳбат қилмаётган бўлармидим. Иккисини орасидаги масофа йигирма қадам ҳам чиқмайди. Қаршимдаги ҳар икки дарвоза ва ҳовлидан билдим-ки, бадавлат оила экан. Бу кетишда кўчага рухсатномасиз киритмаса ҳам керак, деб ўйлаб қолдим.
Сўнгги пайтларда маҳаллаларнинг ички кўчаларида бетон тўсиқлар, сунъий баландликлар, темир панжаралар ўрнатиш ҳолатлари кўпайгани кузатилмоқда. Айниқса, мактаб, боғча, бозор ва гузар атрофида ўрнатилган тезликни пасайтирувчи воситалар муайян ижобий натижа бермоқда. Буни фуқаролар ҳам эътироф этмоқда. Аммо, айрим ички тор кўчаларда тўсиқлар шартмикан, деган ўйга ҳам борасан.
Дарҳақиқат, хавфсизлик – устувор масала. Йўл ҳаракати маданияти етарли даражада шаклланмаган шароитда техник воситалар орқали тезликни чеклаш маълум самара бериши мумкин.
Бироқ муаммонинг иккинчи томони ҳам бор. Айрим ҳолларда тўсиқлар тегишли идоралар билан келишилмаган, меъёрга жавоб бермайдиган шаклда ўрнатилмоқда. Кетма-кет жойлаштирилган баланд тўсиқлар пиёдалар, айниқса, кексалар учун қўшимча қийинчилик туғдирмоқда. Шунингдек, тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги хизмати каби махсус транспорт воситалари ҳаракатига ҳам тўсиқ бўлиши мумкин.
Азалдан кексаларимиз сув олиб келган, йўл очган, кўприк қурган одам катта савобга эга бўлади, дейишган. Бунинг акси бўлса-чи. Гуноҳдан қўрқиш деган тушунча наҳотки одамлардан узоқлашган бўлса. Жамоат жойларидан оқилона фойдаланиш, қўшни ҳаққидан қўрқиш, умумий манфаатни шахсий манфаатдан устун қўйиш маънавий қадриятларимиз эмасми? Масала шундаки, бетон ва темир тўсиқлар кўпайган сари, кўнгиллардаги бағрикенглик камайиб бормаяптими, деган ўй кишини ўйлантиради.
Бугун савол шунда: кўчаларга қўйилаётган тўсиқлар ҳақиқатан ҳам хавфсизликка хизмат қиляптими ёки айрим ҳолларда ўзбошимчалик кўринишига айланиб қолдими?
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, муаммонинг ечими – тартиб, назорат ва жамоатчилик билан очиқ мулоқотда. Маҳалла фуқаролар йиғинлари, мутасадди ташкилотлар ва аҳоли ҳамжиҳатликда қарор қабул қилса, ҳам хавфсизлик таъминланади, ҳам ноқулайликларнинг олди олинади.
Обод маҳалла – бу фақат янги асфальт, замонавий уйлар ёки кўкаламзор ҳудудлар эмас. Ободлик, аввало, одамлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик билан ўлчанади.
Асрор Сулаймонов.
ЎзА.