Тошлоқда пахта терими бошланди
Бу йилги мавсумда Фарғона вилояти Тошлоқ тумани пахтакорлари биринчилардан бўлиб ҳосилни йиғиб-териб олишга киришди.
Бу йилги мавсумда Фарғона вилояти Тошлоқ тумани пахтакорлари биринчилардан бўлиб ҳосилни йиғиб-териб олишга киришди.
Тумандаги кластер усулида ғўза парваришлаган “Expo Kollor Prin Teks” масъулияти чекланган жамиятига қарашли қабул пунктига биринчи пахта карвони келди.
Жорий йилда туманда 5 минг 120 гектар майдонга чигит экилиб, ғўза мавжуд агротехник тадбирлар асосида парвариш қилинди. Мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш учун 100 та терим отряди ташкил этилиб, 10 мингдан теримчи жалб этилмоқда. Уларнинг аксарияти кластер ва фермер хўжаликлари ишчилари ва кўнгилли теримчилардир.
Тошлоқликлар бу йил 16 минг тоннадан зиёд пахта хомашёсини йиғиб олиб, қабул пунктларига топширишни мўлжалламоқда. Бунинг учун зарур шароит яратилган, ҳосилни ташиш учун етарли техника воситалари шай ҳолатга келтирилган.
“Умидли тонг файзи” фермер хўжалиги жорий йилда 48 гектар майдонда ғўзанинг “С8290” навини парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди. Айни кунларда етиштирилган ҳосил териб олинмоқда. Фермер О. Мирзаматовнинг айтишича, ўртача ҳосилдорликни 50 центнерга етказиш ниятида.

