Тошкентда йиллик 20 миллион йўловчига хизмат кўрсатувчи янги аэропорт барпо этилади
Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва мамлакатнинг халқаро логистика маркази сифатидаги ўрнини мустаҳкамлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди.
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида пойтахтнинг янги халқаро аэропортини қуриш ва уни бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик (DXШ) битими имзоланди. Мазкур йирик лойиҳа келгуси йилларда авиация соҳасининг ривожланишига янги суръат бағишлаши кутилмоқда.
Шу кунларда пойтахтимизда ўтказилаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Uzbekistan Airports” АЖ ҳамда таркибига “Sojitz Corporation” (Япония) ва “Incheon International Airport Corporation” (Корея Республикаси) компаниялари кирувчи, “Vision Invest” (Саудия Арабистони) бошчилигидаги халқаро консорциум ўртасида Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш ва келгусида ундан фойдаланиш бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланди.
Ушбу битимнинг имзоланишига кенг кўламли тайёргарлик ишлари замин яратди. Хусусан, халқаро молия институтлари талабларига мувофиқ экологик ва ижтимоий баҳолашлар ўтказилди, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ишлаб чиқилди, муҳандислик коммуникацияларини кўчириш бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланди ҳамда бўлажак аэропорт ҳудудини ҳозирлаш ишлари бошлаб юборилди.
–Аэропорт лойиҳаси мамлакат Президенти ташаббуси билан Ҳукумат, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги кўмагида ишлаб чиқилган, – дейди “Uzbekistan Airports” бошқаруви раиси Жавлонбек Умархўжаев. – Бугун барчамиз уни амалга ошириш йўлида муҳим қадам қўйдик. Тошкентнинг янги халқаро аэропорти ўнлаб йиллар давомида йўловчи ва юк ташишнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондира оладиган замонавий технологик авиация хабига айланади. Етакчи халқаро компаниялар билан ҳамкорлик туфайли биз нафақат сармоя, балки энг сўнгги технологиялардан фойдаланган ҳолда дунёдаги энг йирик аэропорт мажмуаларини лойиҳалаш, қуриш ва бошқариш бўйича ноёб тажрибага эга бўламиз. Ишончим комилки, ушбу лойиҳа Ўзбекистон авиация саноатини ривожлантиришда янги босқич бўлади ва мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги асосий транспорт маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Президентнинг 2025 йил 25 ноябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, қурилиши белгиланган пойтахтнинг янги аэропорти Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманлари ҳудудида, умумий майдони 1310 гектар бўлган ер майдонида жойлашади.
Лойиҳанинг биринчи босқичида ҳар бирининг узунлиги 4 километр бўлган иккита учиш-қўниш йўлаги, 208 минг квадрат метр майдонга эга йўловчи терминали, ҳаво кемалари учун 98 та тўхташ жойи, ёқилғи қуйиш мажмуаси ҳамда замонавий ҳаво ҳаракатини бошқариш диспетчерлик минораси қурилади.
2030 йил охирида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган аэропорт йилига 20 миллион йўловчи ва 300 минг тоннагача юкларга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Имзоланган битимга кўра, хусусий шериклар консорциуми йўловчи терминали ва вокзал олди ҳудудини қуриш ҳамда кейинчалик эксплуатация қилишни ўз зиммасига олса, давлат шериги аэродром мажмуасини қуриш ва эксплуатация қилиш учун масъул бўлади.
Тасдиқланган жадвалга кўра, жорий йил июнь ойида муҳандислик тармоқларини кўчириш ишларини бошлаш, ҳудудни тайёрлашни якунлаш ва босқичма-босқич қурилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.
Янги Тошкент халқаро аэропорти мамлакатнинг шаклланаётган транспорт-логистика тизимининг асосий бўғинига айланиб, юқори даражадаги сервис, замонавий рақамли ечимлар ҳамда халқаро авиақатновлар, савдо ва туризмни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратиши кутилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА