Тошкентда ядро тадқиқотлари соҳасида халқаро экспертлар мулоқоти бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институтида МБИР тез нейтронли кўп мақсадли тадқиқот реактори негизидаги Халқаро тадқиқотлар маркази (МБИР ХТМ) Маслаҳат кенгашининг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда 18 мамлакатдан соҳа мутасаддилари, олимлар, экспертлар ва мутахассислар иштирок этди. Йиғилишда МБИР тадқиқот қурилмасининг замонавий илмий инфратузилмадаги ўрни, унинг ядро тадқиқотларини ривожлантириш ва халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтиришдаги аҳамияти муҳокама қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов, МБИР ХТМ Маслаҳат кенгаши раиси, Россия Фанлар академияси вице-президенти Степан Калмыков ва бошқалар МБИР тадқиқот қурилмасининг “мегасайенс” илмий инфратузилмасининг бир қисми сифатидаги ўрнини таъкидлади. Шунингдек, МБИР ХТМ илмий дастурининг ядро ёқилғи циклини ёпиш, радиоактив чиқиндилар миқдорини камайтириш ва атом энергетикасининг ресурс базасини кенгайтиришдаги аҳамиятига эътибор қаратилди.
Шунингдек, йиғилишда МБИР реактори имкониятларини Ўзбекистондаги мавжуд илмий-тадқиқот инфратузилмаси билан уйғунлаштириш масаласига ҳам урғу берилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори, академик Илҳом Содиқов ноёб тадқиқот қурилмалари имкониятларини бирлаштириш муҳимлигини қайд этди.
– Учрашув замонавий ядро физикаси ва реактор технологиялари чегара билмаслигини яққол кўрсатмоқда. Қурилаётган МБИР реактори имкониятларини Ядро физикаси институтининг амалдаги инфратузилмаси, жумладан, модернизация қилинган ВВР-СМ тадқиқот реакторимиз ва тезлатгичлар мажмуаси билан бирлаштириш макроминтақада амалий фан учун мутлақо янги истиқболларни очади. Биз материалшунослик бўйича қўшма тажрибалар, ҳисоблаш кодларини верификация қилиш ва радиоизотоплар ишлаб чиқаришда улкан салоҳиятни кўряпмиз. Ноёб компетенцияларимиз ва экспериментал базаларимизни бирлаштириш ядро хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тинч атомнинг барқарор ривожланиши учун ишончли асос бўлишига ишонаман, – деди у.
МБИР лойиҳасининг халқаро илмий ҳамжамиятдаги аҳамияти ҳақида “Росатом” давлат корпорацияси бош директорининг фан ва стратегия бўйича ўринбосари Евгений Абакумов ҳам фикр билдирди.
– Маслаҳат кенгаши йиғилишининг Тошкентда ўтказилиши МБИР лойиҳаси ҳақиқатан ҳам халқаро илмий ҳамжамиятда қизиқиш уйғотаётганининг тасдиғидир. МБИР ХТМ консорциуми маҳаллий лойиҳа доирасидан чиқиб, илғор ядро илмий тафаккурининг глобал марказига айланди. Етакчи тадқиқот марказлари ва корпорациялар ўз режаларида реактор базамизнинг имкониятларини ҳисобга олмоқда. Бу биз талаб юқори бўлган фундаментал илмий воситани яратаётганимизни кўрсатади. Айнан кўп томонлама эксперт мулоқоти доирасида жаҳон атом энергетикасининг келгуси ўн йилликлардаги илмий-технологик стандартлари ва стратегик ривожланиш йўналишлари шаклланмоқда, – деди Е.Абакумов.
Йиғилиш кун тартиби амалий муҳандислик вазифалари билан тадқиқот дастурларининг ўзаро уйғунлигига қаратилди. Тадбир иштирокчилари тадқиқот инфратузилмасини ривожлантириш, тадқиқот усуллари ва ядро энергетика технологияларини такомиллаштириш, шунингдек, миллий дастурларни ривожлантириш стратегиялари ва кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди.
Йиғилиш якунида ядро тадқиқотлари соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кейинги режалар белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА