Тошкентда туркий дунё интеллектуал салоҳияти бирлашди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Туркий дунё мулоқоти: муштарак келажак, умумий қараш” мавзусида юқори даражадаги анжуман бўлиб ўтди. Анқара шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган ТДТ Давлат раҳбарлари 13-саммитига тайёргарлик доирасида ташкил этилган ушбу йиғилишда дипломатик, академик ва медиа доиралари вакиллари жамланди.
Туркия Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникация бошқармаси ҳамда ЖИДУ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туркий дунё ҳамкорлиги пойдевори саналган муштарак тарихий ва маданий меросни сақлаш баробарида, бугунги куннинг энг долзарб дунёвий чақириқлари атрофлича таҳлил қилинди. Мулоқот марказида минтақавий ва глобал вазият, иқтисодий-сиёсий боғлиқлик, шунингдек рақамли трансформация жараёни ва сунъий интеллект имкониятидан унумли фойдаланиш масалалари турди.
[gallery-31684]
Ахборот маконидаги хавфсизлик, дезинформация ва рақамли манипуляцияга қарши бирга курашиш ҳамда ўзаро алоқани янги босқичга олиб чиқиш мавзулари ҳам кўтарилди. Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев ва Туркия Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уфук Улуташ икки давлат ва умумтуркий ҳамкорликнинг стратегик аҳамиятини таъкидлади.
Туркия Президенти Администрацияси Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Бурхониддин Дуран иштирокчиларга видео мурожаат йўллади. “Anadolu” агентлиги Бош директори ўринбосари ва Бош муҳаррири Юсуф Ўзхон модераторлигида кечган асосий муҳокама сессиясида нуфузли экспертлар Каппадокия университети ректори Ҳасан Али Қорасар, Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси ўринбосари, ва Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов ҳамда Анқара Ҳожи Байрам Вали университети декани Фирот Пуртош таҳлилий қарашлари билан ўртоқлашди.
Тадбирлар давомида бевосита гувоҳ бўлдикки, Тошкент учрашуви шунчаки дипломатик мулоқот эмас, балки туркий давлатлар ўртасидаги ахборот, таълим ва рақамли технология соҳаси бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилган амалий платформага айланди. Учрашувда шакллантирилган ғоя ва тавсиялар Анқарада ўтадиган ТДТ Давлат раҳбарлари саммити кун тартибини бойитишга хизмат қилади.
Фардона Яхшибоева,
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА