Тошкентда тарих ва замонавий санъат уйғунлашган янги маданий маскан очилмоқда
Тошкентда яна бир ўзига хос маданий маскан пайдо бўлмоқда. Бир асрдан ортиқ тарихга эга бўлган эски бино янги қиёфа ва мазмун касб этиб, замонавий санъат, ижод ва маданий мулоқот учун очиқ майдонга айланмоқда.
Жорий йил 6 сентябрь куни пойтахтимизда Тошкент замонавий санъат маркази — “CCA Tashkent” ўз эшикларини очади. Бу шунчаки янги музей ёки кўргазма зали эмас, балки бир асрдан зиёд тарихга эга иншоотга янги ҳаёт бағишланган йирик маданий лойиҳадир.
1912 йилда меъмор Вильгельм Гейнцелман лойиҳаси асосида барпо этилган бино дастлаб трамвай депоси, кейинчалик дизель электр станцияси сифатида фойдаланилган. Бугун эса унинг тарихий қиёфаси ва индустриал руҳини сақлаган ҳолда, замонавий санъат, таълим, тадқиқот ва маданий мулоқот марказига айлантирилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа тарихий меросни асраб-авайлаш ва унга замонавий мазмун беришнинг ёрқин намунасидир.
Франциянинг машҳур “Studio KO” бюроси томонидан ишлаб чиқилган архитектура концепцияси тарихий мерос ва замонавий инфратузилмани уйғунлаштирган. Марказда кўргазма заллари, таълим ва жамоат майдонлари, кутубхона ҳамда тадқиқот инфратузилмаси фаолият юритади.
Энг муҳими — бу ерда нафақат тарих сақлаб қолинди, балки унга янги мазмун берилди.

“CCA Tashkent” нафақат Тошкентнинг, балки Марказий Осиёнинг янги маданий жозиба нуқталаридан бирига айланиши кутилмоқда.
Бу ерда замонавий санъат билан бир қаторда маърузалар, кинонамойишлар, тадқиқотлар, мунозаралар, концертлар, перформанслар ва турли маданий-таълим тадбирлари ўтказилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА