Тошкентда Марказий Осиё халқаро таълим форуми бошланди
Халқаро форумда 40 дан ортиқ давлат вакиллари, жумладан, таълим ва фан вазирлари, 500 га яқин маҳаллий ва хорижий олийгоҳ раҳбарлари ҳамда мингдан зиёд эксперт иштирок этмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига мурожаати ўқиб эшиттирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Коммуникациялар департаменти бошлиғи – Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Давлатимиз раҳбари ўз қутловида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик мустаҳкамланаётганини таъкидлаган.
Қарийб 85 миллион аҳолига эга минтақамизнинг энг катта бойлиги эса билимга интилаётган ёш авлоддир.

– Ана шу улкан демографик салоҳиятни қудратли интеллектуал кучга айлантиришда энг самарали йўл – сифатли, замонавий таълим ва тарбиядир, – дейилади мурожаатда.
Президентимиз Ўзбекистонда таълим ислоҳотлари давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини қайд этган.
Яқинда мактабгача ва мактаб таълими, касбий ва олий таълим ҳамда илм-фан бошқаруви ягона тизимга бирлаштирилди. Бундан мақсад – боланинг дастлабки билим олишидан етук мутахассис ва олим бўлиб шаклланишигача бўлган босқичлар узвийлигини таъминлаш.
Мурожаатда таълим ёшларни мустақил фикрлаш, ижод қилиш ва умри давомида ўрганишга тайёрлаши зарурлиги таъкидланган.
Ўқитувчи ва мураббийларнинг ролини ошириш, мактаб, техникум, университет ҳамда ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, айниқса, қизлар, чекка ҳудудлардаги болалар ва алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган ёшлар учун имкониятларни кенгайтириш муҳим вазифалар сифатида кўрсатилган.

Президентимиз сунъий интеллект ва замонавий муҳандислик йўналишларини ривожлантириш, университетлар ўртасидаги қўшма дастурлар ва тадқиқотларни кўпайтириш, талаба ҳамда олимлар алмашинувини қўллаб-қувватлашга чақирган.
Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёни илм-маърифат, юксак технологиялар ва инновациялар бирлашган умумий интеллектуал маконга айлантириш стратегик мақсад эканини таъкидлаб, форумда ушбу йўналишда амалий таклифлар илгари сурилишига ишонч билдирган.
ЎзА