Тошкентда Ҳиндистон мустақиллигининг 80 йиллиги тантанали нишонланди
Бугун Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида ушбу мамлакат мустақиллигининг 80 йиллиги муносабати билан давлат байроғини кўтариш маросими тантанали тарзда ўтказилди.
Маросимда ушбу мамлакат фуқаролари, талабалар, Ҳиндистоннинг дўстлари ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Эътиборлиси, тадбир аввалида элчихона томонидан илк бор ташкил этилган “Сурья Патх Тиранга” (“Қуёш йўли-уч рангли байроқ”) эстафетаси бўлиб ўтди. Унда Ҳиндистоннинг уч рангли миллий байроғи қуёш чиқишига ҳамоҳанг равишда шарқдан ғарбга қараб кўтарилди. Мазкур ташаббус Ҳиндистоннинг бирдамлиги, миллий ғурури ва жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини намоён этди.
Шундан сўнг Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним тадбир иштирокчиларини қутлаб, мамлакат Президентининг Мустақиллик куни арафасида халққа йўллаган мурожаатини ўқиб эшиттирди.
– Бугунги муҳим тадбирда иштирок этганингиз учун барчангизга самимий миннатдорлик билдираман. Ҳиндистоннинг стратегик ҳамкори бўлган Ўзбекистонда Мустақиллик руҳини ҳис қилиб турибмиз. Айни пайтда Ҳиндистон мустақиллигининг 80 йиллиги нишонланмоқда.
Ҳиндистон Президенти ўз мурожаатида барқарор ва инклюзив ривожланиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш ва бу борада амалга оширилаётган дастурларга тўхталди. Ёшлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Президент юксалиш ва фаровон ҳаётга эришиш учун бу мақсадларни биргаликда амалга оширишимиз керак, деган фикрни илгари сурди. Мурожаатдан мен учун энг муҳим хулоса - барқарор ривожланиш, инсонпарварлик, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ёшларга эътибор қаратиш ва ҳеч кимни ортда қолдирмаслик ғояларидир.
Якунда шуни таъкидламоқчиманки, Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар ўзига хос ва самимий характерга эга. Бугун бу ерда ўзбек дўстларимиз ҳам ўз санъатларини намойиш этди. Улар Андижон полкасини ижро этиб, миллий ва замонавий услублар уйғунлигидаги чиқишни тақдим этди. Бу чиқишлар икки халқнинг бир-бирига қанчалик яқин эканини яна бир бор намоён этди.
Икки халқ ўртасидаги дўстлик ва яқинлик маданий ҳамда маънавий ришталар билан чамбарчас боғланган, – деди элчи Смита Пант.
Лал Баҳодур Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази жамоасининг чиқишлари тадбирга кўтаринкилик бахш этган бўлса, “Bharat ko Janiye” викторинасининг энг яхши беш нафар иштирокчиси тақдирланиши, рассомлик маҳорати дарси ҳамда “Viksit Bharat” рассомлик танловининг энг яхши учта асари намойиши эса унга ўзига хос мазмун бағишлади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА