Тошкентда чанг-тўзон ортидан ёмғир
Сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида кузатилаётган чанг-тўзонли об-ҳаво аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳит ҳолатига таъсир кўрсатмоқда.
Мутахассислар маълумотларига кўра, бугун ҳам пойтахтда қисқа муддатли чанг-тўзон ҳодисалари кузатилиши мумкин. Шу муносабат билан фуқароларга эҳтиёткор бўлиш ва айрим профилактик чораларга амал қилиш тавсия этилмоқда.
Махсус комиссия Жаҳон метеорология ташкилотининг Чанг-қум бўронлари бўйича Пекин минтақавий маркази ҳамда Ўзгидромет прогнозларига таяниб, бугун ҳам Тошкент шаҳри ҳудудида нам ҳаво массалари кириб келиши олдидан қисқа муддатли чанг-тўзон ҳодисалари кузатилиши ҳақида огоҳлантирди.
Прогнозларга кўра, кун давомида об-ҳаво ўзгарувчан бўлади. Куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин. Шамол тезлиги сониясига 3-8 метрни ташкил этиб, айрим ҳудудларда 12-15 метргача кучайиши эҳтимоли мавжуд. Кучайган шамол таъсирида айрим жойларда чанг-тўзонлар юзага келиши мумкин.
Мазкур жараёнлар натижасида атмосфера ҳавосидаги чанг заррачалари миқдори, айниқса, PM10 концентрацияси қисқа муддатга ошиши кутилмоқда. Шу билан бирга, куннинг иккинчи ярмида кузатилиши мумкин бўлган ёғингарчилик туфайли ҳаво таркиби аста-секин тозаланиши прогноз қилинмоқда.
Мутахассислар шамол кучайган вақтларда, айниқса, нафас йўллари касалликлари, аллергия ҳамда юрак-қон томир тизими билан боғлиқ муаммолари бўлган фуқароларга эҳтиёт чораларини кўришни тавсия этмоқда. Зарурият бўлмаганда узоқ вақт очиқ ҳавода бўлмаслик, дераза ва эшикларни ёпиқ сақлаш ҳамда имкони борича ниқоблардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Ҳозирда атмосфера ҳавоси ҳолати Махсус комиссия томонидан назоратга олинган бўлиб, доимий мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, Махсус комиссия 15, 16 ва 17 июнь кунлари ҳам пойтахтда қисқа муддатли чанг-тўзонлар кузатилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Кейинчалик ушбу прогнозлар ўз тасдиғини топиб, Тошкент шаҳрида мазкур ҳолатлар қайд этилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА