Тошкентда «CanSat–2026» халқаро космик муҳандислик мусобақасига старт берилди
Пойтахтимиздаги Турин политехника университетида «CanSat–2026» халқаро космик муҳандислик мусобақаси бошланди. Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги — Uzcosmos ҳамда Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти — ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир ёшларни космик технологияларга жалб этиш, уларнинг илмий-техник салоҳиятини ривожлантириш ва халқаро тажриба алмашишга қаратилган.
Мамлакатимизда космик технологиялар, робототехника ва аэрокосмик муҳандислик соҳаларида малакали кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «CanSat» таълим лойиҳаси ана шу йўналишдаги амалий ташаббуслардан биридир.
16–21 октябрь кунлари ўтказиладиган “CanSat –2026 International Training Workshop & Aerospace Symposium” халқаро дастурида 150 нафарга яқин ёш, жумладан, ICESCOга аъзо давлатлардан 50 нафар вакил ҳамда Ўзбекистон олий таълим муассасаларидан 100 нафарга яқин талаба иштирок этиши кўзда тутилган.
«CanSat» — ҳажми оддий ичимлик банкасига тенг, сунъий йўлдошнинг асосий тизимларини ўзида мужассамлаштирган ўқув қурилмасидир. У электрон бошқарув тизими, датчиклар, маълумот узатиш воситалари, қувват манбаи ва дастурий таъминотдан иборат.
Лойиҳа доирасида иштирокчилар сунъий йўлдош моделини лойиҳалаш, йиғиш, дастурлаш, синовдан ўтказиш ва учириш жараёнларида бевосита қатнашади. Бу эса уларга назарий билимларини амалиётда қўллаш, жамоавий ишлаш ва техник муаммоларга мустақил ечим топиш имконини беради.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда «CanSat» танлови 2025 йилдан буён ўтказилмоқда. Дастлабки лойиҳа доирасида ташкил этилган уч ойлик ўқув курсида 400 нафардан ортиқ талабгор қатнашиб, уларнинг 120 нафари финал босқичига йўл олган. Якуний босқичда иштирокчилар ўзлари яратган қурилмаларни ракета ёрдамида учириб, амалий синовдан ўтказган.
Жорий йилги мусобақанинг халқаро миқёсда ташкил этилиши маҳаллий ёшларга хорижлик тенгдошлари билан тажриба алмашиш, замонавий муҳандислик ечимларини ўрганиш ва ўз ишланмаларини намойиш этиш учун кенг имконият яратмоқда.
[gallery-31992]
Дастур доирасида назарий машғулотлар, амалий муҳандислик ишлари ва аэрокосмик йўналишдаги тадбирлар ўтказилади. Иштирокчилар жамоаларга бўлинган ҳолда «CanSat» қурилмаларини тайёрлаб, уларнинг техник имкониятларини синовдан ўтказади.
21 октябрь куни Тошкент вилоятида мусобақанинг финал босқичи бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унда ёш муҳандислар ўзлари яратган қурилмаларни учириб, уларнинг парвоз давомида маълумот тўплаш ва ерга узатиш имкониятларини намойиш этади.
Мазкур халқаро мусобақа ёшларнинг космик муҳандисликка қизиқишини ошириш, уларнинг илмий-техник салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда аэрокосмик соҳада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Камола Юсупова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА