Тошкент вилоятида замонавий баҳолаш маркази иш бошлади
Тошкент вилоятида билим ва малакани баҳолаш жараёнларини замонавий талаблар асосида ташкил этишга хизмат қиладиган янги ҳудудий марказ фойдаланишга топширилди.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг вилоятдаги янги биноси замонавий инфратузилма асосида барпо этилган бўлиб, тест синовларини очиқ, шаффоф ва юқори сифатда ўтказиш учун барча зарур шароитлар яратилган.

Марказда қоғоз шаклида ўтказиладиган тест синовларида бир вақтнинг ўзида қарийб 1200 нафар абитуриент, ўқувчи ва педагог иштирок этиши мумкин. Шунингдек, компьютер технологиялари асосида ташкил этиладиган тест синовлари учун 150 ўринли алоҳида зал ҳам замонавий техника ва ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган.
Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурҳонов марказда бўлиб, яратилган шарт-шароитлар, тест синовларини ташкил этиш тизими ҳамда техник имкониятлар билан танишди.

Қайд этилганидек, жорий йилдан бошлаб Тошкент вилояти абитуриентлари олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини илк бор ушбу замонавий марказда топширади. Бу имтиҳонларнинг шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлаш, иштирокчилар учун янада қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилади.
Замонавий баҳолаш маркази ёшларнинг билим ва салоҳиятини холис баҳолаш, таълим сифатини оширишга қаратилган муҳим инфратузилма объектларидан бири ҳисобланади.
А.Мусаев,ЎзА.