Тошкент вилоятида нарколаборатория аниқланди
Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Хусусан, Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбирда 2 нафар шахс ушланиб, уларнинг ёнидан 500 дона кучли тасир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди. Маълум бўлишича, улар дориларни тарқатиш билан шуғулланишган.
Кейинроқ, уларга алоқадор бўлган яна бир тарқатувчи қўлга олиниб, унинг ёнидан ҳам 500 дона кучли тасир қилувчи дорилар топилди.
Шундан сўнг ушбу дориларнинг манбасини аниқлаш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилди.
Натижада, Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида 3 нафар шахс қўлга олиниб, уларнинг яшаш манзили кўздан кечирилганда нарколаборатория ташкил этилганлиги маълум бўлди ва 9 кг “Прегабалин”, 500 гр “Тропикамид”, 600 дона “Прегабалин” кучли тасир қилувчи дори воситалари ҳамда қадоқлашда фойдаланиладиган анжомлар ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 2511-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.