Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бўстонлиқ туманидаги Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов номидаги “Э Воҳ” республика ўзбек тили олимпиадаси ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Она тилимизга бўлган эҳтиромни юксалтириш, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, буюк шоирнинг бой адабий меросини кенг тарғиб этишга қаратилган тадбирда таниқли шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, ўқитувчилар, ижодкор ёшлар, маънавият тарғиботчилари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Анжуман давомида Эркин Воҳидовнинг ўзбек адабиёти ва миллий маънавиятимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, она тилимизни асраб-авайлаш ва унинг нуфузини юксалтириш йўлидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди. Шундан сўнг шоир ижодига бағишланган адабий-маърифий кеча, шеърият ва мусиқа дастурлари намойиш этилди. Унинг асарлари асосида саҳналаштирилган театр кўринишлари иштирокчиларга намойиш қилинди.

Тадбирда Эркин Воҳидов номидаги иккинчи ўзбек тили ва адабиёти олимпиадаси ғолиблари эълон қилиниб, пул мукофотлари билан тақдирланди.
***
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасидаги Европанинг етакчи компанияларидан бири — “Lasselsberger Group” бош директори Йозеф Ласселсбергер билан учрашди.
Мулоқотда қурилиш материаллари саноатига инвестициялар жалб этиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва маҳаллий хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, компаниянинг халқаро тажрибаси ва илғор технологиялари асосида вилоятда янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.

1957 йилда ташкил этилган “Lasselsberger Group” компанияси бугунги кунда 26 та мамлакатда 62 та филиалга эга. Ўзбекистонда компания билан ҳамкорликда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга оид инвестиция лойиҳалари Тошкент, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида амалга оширилмоқда.
***
Тошкент вилоятида болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили(Болалар омбудсмани)нинг вилоятдаги минтақавий вакили М. З.Ҳамзаев ҳамда Ўзбекистон Болалар ташкилотининг вилоят бўлими раҳбари И.Холбаева ўртасида имзоланди. Ҳамкорлик доирасида болалар ва ёшларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, шунингдек, профилактик ва маърифий тадбирларни биргаликда ташкил этиш режалаштирилган.
А.Мусаев,ЎзА