Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилоятининг барча ҳудудларида аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш, жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган спорт синовлари белгиланган тартибда ташкил этилмоқда.
Жумладан, Пискент туманида 30 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳоли ўртасида “Жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш” спорт синовлари ўтказилмоқда. Синовлар жараёнида иштирокчиларнинг куч, тезкорлик, чаққонлик, чидамлилик ва умумий жисмоний тайёргарлик кўрсаткичлари белгиланган мезонлар асосида баҳоланмоқда.
Мазкур спорт синовларини тизимли равишда ўтказиш орқали аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш, уларни оммавий спортга кенг жалб этиш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш кўзда тутилган.
***
Бўстонлиқ тумани Нанай қишлоғидаги 14-сонли оилавий поликлиника 5 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. 1970 йилда қурилган, муҳандислик коммуникациялари билан тўлиқ таъминланмаган муассаса ўтган йилларда капитал таъмирланиб, 4 миллиард сўмга яқин маблағ ҳисобидан замонавий қиёфага келтирилди.

Бугун поликлиникада УЗИ, ЭКГ, стоматология, акушерлик ва гинекология каби хоналар замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Лабораторияда 10 дан зиёд турдаги таҳлиллар ўтказилади. Рақамлаштириш жараёни ҳам йўлга қўйилган. Патронаж ҳамширалари беморлар ҳақидаги маълумотларни планшетга киритади, шифокор эса бемор ҳолати билан ўз иш жойида танишиши мумкин.
Муассасага кунига ўртача 50 нафарга яқин аҳоли мурожаат қилади. Беморлар ўзларига қулай вақтга шифокор қабулига навбатга ёзилиш имкониятига эга.
***
Қўшни давлатдан юртимизга ўтиш мақсадида «Навоий» чегара божхона пости орқали пиёда кириб келган фуқаронинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилди.

Текширув давомида йўловчи оғзаки сўровда маълум қилмаган ҳамда божхона декларациясида кўрсатилмаган, хорижда ишлаб чиқарилган кир ювиш воситалари ва чой қутилари орасига яширилган 389 дона дори воситалари аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА