Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Навоий” чегара божхона постида Контрабандага қарши кураш бўлими масъул ходимлари томонидан “Биз одам савдосига қаршимиз!” шиори остида тарғибот-профилактика тадбири ўтказилди.
Асосий мақсад хорижга йўл олаётган фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни турли фирибгарлик ва алдовлар оқибатида одам савдоси қурбонига айланиб қолиш хавфидан огоҳлантиришдан иборат бўлди. Хусусан, “Навоий” чегара божхона пости орқали кунига ўртача 30–35 минг нафар йўловчи ҳаракатланади. Уларнинг катта қисми қўшни давлатлар ҳамда улар орқали узоқ хориж мамлакатларига меҳнат миграцияси мақсадида йўл олади.
Тадбир давомида фуқароларга одам савдоси қурбонига айланиб қолишнинг олдини олиш, хавфли вазиятларда қандай ҳаракат қилиш бўйича тавсиялар, зарур алоқа рақамлари ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар акс эттирилган флаерлар тарқатилди.
***
Нурафшон шаҳрида янги замонавий спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, фаоллар, маҳалла жамоатчилиги ҳамда ёшлар иштирок этди.

Янги спорт майдончаси маҳалла аҳолисининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ёшларни спортга кенг жалб қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва иқтидорли спортчиларни саралаб олиш учун муҳим имконият яратади.
Тадбир давомида ушбу масканда ҳар шанба куни турли спорт турлари бўйича оммавий спорт мусобақалари, соғломлаштириш тадбирлари ва ёшлар ўртасида беллашувлар ўтказиб борилиши белгиланди. Бундай эзгу ташаббуслар маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, ёш авлодни жисмонан баркамол этиб тарбиялаш ҳамда аҳолининг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун янада кенг имкониятлар яратишга хизмат қилади.
***
Тошкент вилоятида бозорлар фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, уларни рақамлаштириш ва ҳудудларда жамоат тартибини сақлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шу мақсадда вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, солиқ ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш тузилмалари, “Тошвилбозорсавдо” уюшмаси, сунъий интеллект йўналишидаги мутасаддилар ҳамда туман-шаҳар ҳокимларидан иборат гуруҳ Тошкент шаҳрида бўлиб, пойтахтдаги бозор ва савдо мажмуаларида жорий этилган илғор тажрибаларни ўрганди. Жараёнда бозор ва савдо мажмуаларини рақамлаштириш орқали улар фаолиятини янада шаффоф ва самарали ташкил этиш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, шунингдек, бозор ҳудудларида жамоат тартибини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.
Айниқса, бозорларда тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни тезкор аниқлаш ва бартараф этиш, назорат механизмларини замонавий ёндашувлар асосида ташкил этиш бўйича ижобий тажрибалар мутасаддилар эътиборида бўлди.
А.Мусаев,ЎзА