Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ташаббуси билан Ангрен ҳудудида фаолият юритаётган бир қатор корхоналар вакилларига самарали ҳамкорлик ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун ташаккурномалар ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Тадбир давомида давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида таъкидланди. Божхона органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги очиқ мулоқот ва ўзаро ишончли ҳамкорлик иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг бугунги кунигача бошқарма томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2,7 триллион сўм миқдорида божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланилди.
***

Қишлоқ хўжалиги вазири ташаббуси ва Тошкент тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ҳудудларда такрорий экин майдонлари учун уруғлик картошка тайёрлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Жараён доирасида уруғлик картошка туганакларига қизил ва узоқ қизил спектрли нурлар билан ишлов бериш йўлга қўйилган. Ушбу инновацион усул туганакларнинг физиологик фаоллигини ошириш, унувчанлигини яхшилаш ҳамда соғлом ва кучли ниҳоллар шаклланишига хизмат қилмоқда.
Бугунги кунгача ҳудудда такрорий экин майдонлари учун 2 минг тонна уруғлик картошка тайёрланди. Шунингдек, хориждан келтирилган “Гала” ва “Санта” навлари ҳам мазкур технология асосида экишга тайёрланмоқда. Мазкур ишлар такрорий экин майдонларидан самарали фойдаланиш, картошкачиликда ҳосилдорликни ошириш ҳамда сифатли уруғлик захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
***

Юртимизда ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент вилояти ФВББ масъул ходимлари томонидан Зангиота тумани ҳудудида кенг кўламли профилактик ўрганиш ишлари амалга оширилди.
Тадбир давомида автомобилларга сиқилган пропан газини қуйиш шохобчалари, пропан газини ташишга мўлжалланган махсус автотранспорт воситалари ҳамда савдо мажмуаларида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши ўрганилди. Жумладан, электр жиҳозлари ва электр тармоқларининг техник ҳолати, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларининг созлиги, эвакуация йўлакларининг ҳолати ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниши юзасидан назорат ишлари олиб борилди.
А.Мусаев,ЎзА.