Тошкент шаҳрида коррупциянинг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда 2025 йил 5 март куни давлатимиз раҳбари иштирокида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида мамлакатимизда криминоген вазиятни яхшилаш ва коррупцияга қарши курашиш борасида устувор вазифалар белгилаб берилгани қайд этилди.

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида ҳам ушбу масалага алоҳида урғу берилиб, коррупция давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган жиддий таҳдид экани, 2026 йилда бу иллатга қарши курашиш бўйича “фавқулодда ҳолат” эълон қилиниши таъкидланди.
Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, қўшма мажлисда Тошкент шаҳрида коррупциянинг олдини олиш, бозорларда олиб борилаётган рақамлаштириш ишлари, қурилиш соҳасида коррупцияга қарши курашиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш ҳамда бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, Тошкент шаҳар “Муниципал активларни бошқариш маркази” давлат унитар корхонаси, Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси, Тошкент шаҳар суди, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси, Тошкент шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Амалга оширилган ижобий ишлар билан биргаликда йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, давлат органлари ва ташкилотларига келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли вазифа ҳамда тавсиялар берилди.
Сенаторлар, маҳаллий кенгашлар депутатлари ва уларнинг доимий комиссиялари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, ҳудудий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлис якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА