Тошкент Осиё оғир атлетикасининг янги тарихий юксалишини таъминлади
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” яккакурашлар спорт мажмуасида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатининг саккиз кунлик шиддатли беллашувлари тарихга айланди.
Осиё чемпионатининг сўнгги куни Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли кечди. Охирги кунги мусобақаларда йигитлар -110, +110, қизлар -86, +86 кило оғирликда қитъа чемпионлиги учун кураш олиб борди.
30 га яқин мамлакатнинг маҳоратли оғир атлетикачилари қатнашган чемпионатда +110 кг. вазн тоифасида иштирок этган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси Омадилло Олимов ўз чиқиши билан ўзбек оғир атлетикасининг янги навқирон авлоди етишиб келаётганини амалда намоён этди.
У даст кўтариш дастурида 170 кг. натижа қайд этган бўлса, силтаб кўтаришда 223 кг тошни муваффақиятли кўтарди ва ушбу йўналишда олтин медални қўлга киритди.

Икки кураш якунига кўра, 393 кг натижа қайд этган Омадилло якунда барча рақибларини ортда қолдириб, Осиё чемпионатининг мутлақ ғолибига айланди.
Медаллар жамғариш борасида ёш спортчиларимиз ўзига хос натижа қайд этгани эришилган медаллар сони ва сифатида, ёш оғир атлетикачиларимизнинг бир қатор қитъа рекордларини янгилаганида ўз аксини топди.
Хусусан, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари 6 та олтин, 8 та кумуш, 14 та бронза медалини қўлга киритган бўлса, ёшлар терма жамоаси аъзолари 7 та олтин, 10 та кумуш, 6 та бронза медалларига эгалик қилди.
Шунингдек, спортчиларимиз ёшлар, қизлар, ўсмирлар тоифаларида умумий очколар жамғаришда Осиёнинг энг кучли жамоаси номига сазовор бўлди.

Ғолиб ва совриндорларга медаль, кубок ва эсдалик совғаларини топшириш маросимида иштирок этган спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири, мамлакат оғир атлетика федерацияси раиси Шерзод Ҳидоятов, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саад бин Носир бин Абдуллоҳ Абу Ҳаймед, Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси, Халқаро ва Осиё оғир атлетика федерацияси раҳбарлари Тошкент супасидаги муросасиз курашлар жаҳон оғир атлетикасига янги-янги спорт юлдузлари кириб келаётганини таъкидлашди.
Энг эътиборли жиҳати, қитъа чемпионати Ўзбекистон спорти, унинг инфратузилмаси, нуфузли мусобақаларни қабул қилиш салоҳияти юксалганини кўрсатди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА