Тўрт мамлакат хусийларнинг Ар-Риёдга уюштирган ҳужумини қоралади
Туркия, Покистон, Миср ва Саудия Арабистони Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланиши тахмин қилинадиган хусийларнинг Ар-Риёд халқаро аэропортига уюштирган ҳужумини кескин қоралаб, ушбу ҳаракатни ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайдиган хавфли эскалация дея баҳолади.
Саудия расмийларига кўра, 13 кишининг ҳаётига зомин бўлган, 300 дан кўп одам жароҳатланган аввалги ҳужумдан сўнг якшанба куни аэропортга яна бир зарба берилган. Оқибатда бир киши ҳалок бўлиб, ўнга яқин фуқаро тан жароҳати олган. R4 номи билан танилган минтақавий давлатлар гуруҳи Саудия Арабистони билан якдил эканини билдириб, мамлакатнинг таҳдидни қайтариш, ҳужумнинг олдини олиш ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги барча қонуний чора-тадбирларини қатъий қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Тўртлик томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда хусийлар минтақавий ва халқаро вазиятга хавф солувчи ҳужумлар оқибати учун тўлиқ жавобгарлиги айтилиб, зарбаларни зудлик билан ва ҳеч қандай шартсиз тўхтатиш талаб қилинган.
Август ойида НАТО аъзоси Туркия ва ядровий қуролга эга Покистон Саудия билан мудофаа шартномаси имзолаган. Келишувга кўра, томонлардан бирига қилинган ҳужум барчага тажовуз сифатида баҳоланади. Ўтган ҳафта ушбу давлатлар жамоавий мудофаа мажбуриятини ишга солиш ҳамда хусийлар ҳужуми шароитида Саудияга куч ва имкониятни жадал жойлаштириш бўйича келишиб олган.
Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Анқара Саудияга қандай ёрдам бериши мумкинлиги баҳоланаётгани, қўшин юбориш ва ҳужумкор амалиётда қатнашиш истисно қилинганини билдириб, асосан ҳимоя ва техник кўмак кўрсатилиши режалаштирилганини айтди. Ар-Риёд билан ҳамкорлик ҳозиргача икки томонлама асосда кечмоқда, чунки уч томонлама мудофаа шартномаси ҳали қардош мамлакат парламенти томонидан ратификация қилинмаган.
НАТО таркибида иккинчи йирик армияга, ривожланган мудофаа саноатига эга Туркия Саудияни ҳарбий техника билан таъминлаяпти. Шунингдек, Қизил денгизда кемалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича коалицияга қўшилишга розилик берган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА