“Тонгни кулиб қарши ол!” спектакли Диёра Келдиёрованинг матонатидан сўзлайди
Ватанимиз довруғини дунёга таратаётган мард ва шижоатли спортчиларимизни бугуннинг қаҳрамонлари, деса бўлади. Таниқли драматург Қўчқор Норқобилнинг “Тонгни кулиб қарши ол!” (“Яловбардор” ) драмаси халқимизнинг ана шундай қаҳрамон қизи, машҳур дзюдочи қиз Диёра Келдиёрова ҳақида ҳикоя қилиши билан диққатга сазовордир.
Ушбу спектакль Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини амалга ошириш асосида давлат буюртмасига биноан яратилди.
Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда Спорт вазирлиги мутасаддилари, Бадиий Кенгаш экспертлари томонидан қўллаб-қувватланган ушбу асарда замон қаҳрамони образи ҳаётий зиддиятлар силсиласида таъсирчан тарзда саҳнага олиб чиқилган.

Мазкур асар Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри бош режиссёри , истеъдодли ижодкор Достон Ҳақбердиев томонидан саҳналаштирилди. Саҳна асарига таниқли бастакор Ойдин Абдуллаева томонидан куй басталанди. Рассом — Жамолиддин Раҳимов.
Саҳна асарида иродали ва қатъиятли ўзбек қизи Диёра Келдиёрованинг болалик чоғидан то Олимпиада шоҳсупасигача бўлган ибратли ҳаёти тасвирланади. Ўз орзу-умидлари ушалиши йўлида ҳар қандай машаққатга дош бера олган матонатли замондошимиз образи кўплаб ёшларимизга ўрнак бўлади, уларни ўз мақсадлари сари дадил ҳаракат қилишга ундайди.
Асарда оддийгина қишлоқда ўсиб-улғайган ўзбек қизининг ўз орзусига етишиш йўлидаги қатъий интилиши ва кураши ҳаётий воқеалар орқали таъсирчан ифодаланган.

Ушбу саҳна асари бугунги кунда ёшларимиз, айниқса, пойтахтдан олис ҳудудларда яшаётган қизларимиз қалбида ишонч ва шижоат уйғотиши шубҳасиз. Улар мазкур спектакль томошасидан кейин, албатта, ўз яшаш тарзига жиддий назар солади. Инсон ҳаётида вақтнинг қадри нечоғлик бебаҳо эканлиги, қаҳрамонлик ва шон-шуҳрат шунчаки осмондан тушмаслигини ҳис қилади.
Ўз мақсади сари дадил интилган Диёранинг ҳаёти миллионлаб ёшларга ўрнак бўлиши билан бирга, ҳар бир ўзбек ўғил-қизи юрагида “мен ҳам шундай улкан натижаларга эришишга қодирман”, деган юксак туйғуни шакллантиради.
Асарда Президентимиз ташаббуси билан ёшлар келажаги ва ёруғ эртаси учун амалга оширилаётган улуғвор ислоҳотлар самараси кенг миқёсда талқин қилинган. Ушбу саҳна асарида халқимизга хос меҳр - оқибат, камтарлик ва мардлик тушунчалари ҳам ўзининг таъсирчан ифодасини топган.
Спектаклда ўзбек спортининг довруғи ва ютуқлари, ўзбек ёшларининг мислсиз куч-қудрати, Янги Ўзбекистоннинг бугунги қиёфаси Диёра Келдиёрова тимсолида ҳам маҳорат билан тасвирлаб берилган.
Спектаклда Ўзбекистон халқ артисти Наима Пўлатова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Турғун Бекназаров, Гулчеҳра Носирова, Александр Бекжонов каби саҳна усталари ҳамда Отабек Ҳақбердиев, Дурдона Носирова ва Маржона Абдураҳмонова ўз ролларини маҳорат билан ижро этган.
Асар нафақат ёшларимиз, балки халқимизнинг барча қатлами кўнглидан жой олиб юртга меҳр ва садоқат руҳини кучайтириши шубҳасиз.
Н.Усмонова,
ЎзА