Тоғ-кон соҳасида 14,5 миллиард сўм маблағнинг самарасиз сарфланишига йўл қўйилмади
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда тизим ташкилотларида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида коррупциянинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, бошқарув жараёнларини рақамлаштириш йўналишларида тизимли ишлар амалга оширилди.
Вазирлик бўлим бошлиғи Шуҳрат Саъдуллаевнинг маълум қилишича, ҳисобот даврида коррупция хавфларини барвақт аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўрилди. Жорий йилги коррупцияга қарши курашиш дастурида белгиланган 35 та вазифанинг барчаси бажарилди.
Очиқлик ва жамоатчилик билан мулоқотни таъминлаш мақсадида ОАВ ва расмий ахборот ресурсларида 470 дан ортиқ материаллар эълон қилинди, 6 та тарғибот тадбири ҳамда 230 дан ортиқ тушунтириш-профилактик ишлар ўтказилди.
Коррупция хавфларини баҳолаш жараёнида вазирлик ва тизим ташкилотларидаги 2 654 та функция таҳлил қилиниб, 311 та юқори, 523 та ўрта ва 1 818 та паст даражадаги коррупциоген хавфлар аниқланди. Уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича декларациялар таҳлил қилиниб, 26 та ҳолат бартараф этилди.
Харидлар соҳасида 1 683 та контрагент ўрганилиб, таваккалчилик омилларини аниқлаш натижасида 14,5 миллиард сўм маблағнинг самарасиз сарфланишига йўл қўйилмади.
Кадрлар танлаш жараёнида 3 777 нафар номзод ўрганилиб, 3 557 нафари бўйича ижобий хулоса берилди. Шунингдек, ўтказилган 117 та хизмат текшируви натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли чоралар кўрилди. Жумладан, 62 нафар ходимга нисбатан интизомий чора қўлланилди, 21 нафар ходим билан меҳнат муносабатлари белгиланган тартибда бекор қилинди. 56 та ҳужжатлар тўплами ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Вазирликнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлари ҳам эътироф этилди. Жумладан, “VI Тошкент аксилкоррупция форуми” доирасида вазирлик “Комплаенс-назорат” тизимини самарали жорий этган ташкилот сифатида махсус мукофот билан тақдирланди. Шунингдек, вазирлик ва Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат кончилик ва геология соҳасида коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда парламент назоратини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Брифингда таъкидланганидек, айни пайтда соҳада рақамли технологияларни жорий этиш ишлари давом эттирилмоқда. Вазирлик ва “Ўзинфоком” ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Геомониторинг” ахборот тизими ер қаъридан фойдаланиш ва уни ўрганиш жараёнларини рақамлаштириш, инсон омилини қисқартириш ҳамда назорат самарадорлигини ошириш имконини бермоқда. Шунингдек, “Е-ер қаъри назорати” ахборот тизими ишлаб чиқилмоқда.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА