Тиббиётдаги ислоҳотларнинг бош мақсади – халқ розилигини таъминлаш
Инсон ҳаёти ва саломатлигини асраш, умр сифатини яхшилаш кўп жиҳатдан тиббиёт тизимининг самарадорлигига боғлиқ. Бунда замонавий тиббиёт муассасалари ва илғор технологиялар билан бир қаторда, юқори малакали мутахассислар, сифатли тиббий хизмат ҳамда ҳар бир беморга индивидуал ёндашув кўрсатилиши муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, касалликларнинг олдини олиш ва уларни эрта босқичда аниқлаш, аҳолига юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятлари тубдан кенгайди. Шу билан бирга, соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 октябрь куни Кўксарой қароргоҳида тиббиёт ва фармацевтика соҳаси ходимлари билан ўтказган учрашуви бу борадаги муҳим қадам бўлди. Мулоқот давомида тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқиш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича соҳани ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан “Саломатлик” ордени билан тақдирланган Андижон шаҳридаги 6-оилавий поликлиника бош шифокори Шоҳида Насриддинова юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Бугунги кунда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад, халқимизни рози қилишдир, – дейди Шоҳида Насриддинова. – Соҳадаги энг муҳим янгиликлардан бири сифатида тиббий суғурта тизими доирасида реимбурсация механизми жорий этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу тизим орқали фуқаролар тегишли тартибда шартнома тузилган дорихоналардан зарур дори воситаларини бепул олиш имкониятига эга бўлмоқда. Энг муҳими, мазкур жараёнда тўлиқ шаффофлик таъминланмоқда.
Шунингдек, имтиёзли йўлланмалар бериш тартиби тубдан такомиллаштирилиб, оилавий поликлиника шифокорларининг роли ва масъулияти янада оширилди. Натижада беморларни ихтисослаштирилган давлат тиббиёт марказларига йўналтириш жараёни бутунлай очиқ ва адолатли ташкил этилмоқда.
Илгари беморлар имтиёзли даволаниш учун йўлланма олиш мақсадида ойлаб, ҳатто йиллаб навбат кутишга мажбур бўларди. Фаолиятимиз давомида бундай пайсалга солишларнинг нақадар оғир оқибатларга олиб келишини кўп кузатганмиз. Ҳатто яқинини даволатиш учун ордер кутиб, вақт бой берилгани сабабли ундан ажралиб қолган инсонлар бўлган. Бундай аччиқ қисматлар ва воқеалар ҳамон хотирамдан ўчмайди.
Бугун тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши ва йўлланмалар бериш жараёнининг шаффофлиги аҳоли учун муҳим аҳамиятга эга. Меҳнатимизнинг давлат мукофоти билан эътироф этилиши эса бизга билдирилган катта ишонч ва юксак масъулиятдир. Бу эътироф келгусида ҳам халқ саломатлиги йўлида янада фидойилик билан хизмат қилишга ундайди.
–Бугунги кунда тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши ҳамда йўлланмалар бериш жараёнининг тўлиқ шаффофлаштирилгани аҳоли фаровонлиги йўлидаги энг муҳим қадамлардандир, – деди Шоҳида Шоҳида Насриддинова. – Камтарона меҳнатимизнинг юксак давлат мукофоти билан эътироф этилиши эса нафақат менга, балки бутун жамоамизга билдирилган улкан ишонч ва юксак масъулиятдир. Ушбу эътироф бизни келгусида ҳам халқимиз саломатлиги йўлида янада фидойилик ва садоқат билан хизмат қилишга ундайди.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
Искандар ИСМАТОВ (видео),
ЎзА