Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон саломатлиги учун хизмат қилмоқда
Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар, айниқса, чекка ҳудудларда аҳолига юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизими бугун ўз самарасини бермоқда. Бунда бир неча йиллар олдин мураккаб амалиётлар учун пойтахтга ёки хорижга боришга тўғри келган бўлса, эндиликда тажрибали шифокорларнинг жойларга чиқиб маҳорат дарслари ва операциялар ўтказиши анъанага айланди.
Республика болалар миллий тиббиёт марказининг бир гуруҳ юқори малакали мутахассислари Учқудуқ тумани тиббиёт бирлашмаси жарроҳлик бўлимида ўта мураккаб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширди.
Малакали жарроҳлар томонидан 8 ёшли Гулсезим Бердалиева муваффақиятли операция қилинди.

У туғма юрак нуқсони касаллиги билан дунёга келган бўлиб, йиллар давомида бу хасталик унинг эркин нафас олиши, тенгдошларидек шўх-шодон ўсиб-улғайишига тўсқинлик қилиб келаётган эди. Бундай нозик ёшдаги болада юрак соҳасида жарроҳлик амалиётини ўтказиш нафақат юксак маҳорат, балки жуда катта масъулият ва аниқликни талаб этарди. Жарроҳлик амалиёти тажрибали шифокорлар Ихтиёр Ҳусенов, Турсунхўжа Ўринхўжаев, Элдор Куралов, Хуршида Султонова, Файзулло Акрамов, Марғуба Ниёзова ва Шоҳида Исломбековалар томонидан амалга оширилди.
– Қизим туғилганидан буён юрак хасталиги билан оғрирди. Унинг қийналишини кўриб, она сифатида ич-этимни ердим. Мураккаб операция кераклигини эшитганимизда, пойтахтга бориш, у ердаги харажатлар бизни анча ўйлантириб қўйганди. Мана, шифокорларнинг ўзлари олис туманимизга келиб, Гулсезимни операция қилишди. Бизга шундай имкониятларни яратиб берган давлатимиздан, қизимнинг ҳаётини сақлаб қолган Ихтиёр Ҳусенов ва унинг жамоасидаги барча шифокорлардан умрбод миннатдормиз. Қизим энди тенгдошлари қатори соғлом вояга етади, – дейди Айтгул Кошекбаева.

Албатта, бу воқеа шунчаки битта операция эмас, балки юртимизда тиббиётнинг энг чекка ҳудудларигача кириб бораётганининг ва юқори технологик операцияларни ўтказиш учун тиббий база ҳамда шароитлар мавжудлигини кўрсатиб турибди.
Энг муҳими, учқудуқлик маҳаллий шифокорлар пойтахтлик ҳамкасбларидан бевосита маҳорат сирларини ўрганиш имконига ҳам эга бўлди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири