Тиббиёт ходимлари ва уларнинг фарзандларига қувонч улашилди
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалида яна бир хайрли ташаббус амалга оширилди.
Кун-у тун она ва болалар саломатлигини асраш йўлида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларига бу галги эътибор уларнинг фарзандларига қувонч улашди. Муассаса касаба уюшмаси ташаббуси билан ёш фарзандли 50 нафар тиббиёт ходимининг фарзандларига янги ўқув йили учун зарур бўлган ўқув қуроллари жамланмалари топширилди.
Янги ўқув йили арафасида тақдим этилган бу совғалар болажонлар учун қувончли туҳфа бўлган бўлса, ота-оналар учун ўз меҳнатига билдирилган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ифодаси бўлди.
— Филиалимизда тиббиёт ходимларини нафақат Мустақиллик байрамининг 35 йиллиги муносабати билан, балки турли байрамлар ва муҳим саналарда ҳам қўллаб-қувватлаш яхши анъанага айланган, — дейди тиббиёт ходимлари касаба уюшмаси раиси Мунаввар Тўхтабаева. — Ходимларга кўрсатилаётган бундай эътибор, аввало, уларнинг ўз касбига бўлган меҳр ва садоқатини янада мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, ўз вазифасига масъулият билан ёндашиб, филиалда даволанаётган ҳомиладор аёллар, оналар ва чақалоқларга сифатли ҳамда малакали тиббий хизмат кўрсатишга руҳлантиради.

Дарҳақиқат, тиббиёт соҳасида меҳнат қилиш юксак масъулиятни талаб этади. Айниқса, она ва бола саломатлиги билан боғлиқ йўналишда ҳар бир дақиқа, ҳар бир қарор муҳим. Шу боис ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини қадрлаш ва муносиб рағбатлантириш жамоада ишга бўлган муносабатни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Филиалда ходимларга ғамхўрлик фақат байрам кунларида совға улашиш билан чекланиб қолмаяпти. Уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний фаоллигини ошириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, жамоа аъзолари ўртасида «Соғлом ҳаёт учун — 5000 қадам» ташаббуси доирасида соғломлаштириш тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Шунингдек, волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича мусобақалар мунтазам ўтказилмоқда.
Спорт тадбирлари ходимларнинг жисмоний фаоллигини ошириш баробарида, жамоада дўстона муҳит ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамламоқда. Шахмат ва шашка мусобақалари эса тиббиёт ходимларининг мантиқий фикрлаш, диққатни жамлаш ва тезкор қарор қабул қилиш қобилиятларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Инсон саломатлигини асрашдек шарафли ва масъулиятли вазифани зиммасига олган тиббиёт ходимларига кўрсатилаётган эътибор — уларнинг меҳнатини қадрлашнинг муҳим кўринишидир. Филиалда шаклланган ана шундай эзгу анъаналар жамоа аъзоларини янада руҳлантириб, уларни касбий фаолиятида янги марралар сари ундамоқда.
Бир сўз билан айтганда, меҳнати қадрланган, оиласи ва фарзандлари эътиборда бўлган ходим юртига ишонч ва садоқат билан хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири