Тиббиёт ходимлари спорт майдонида
Гулистон шаҳридаги Паралимпияга ихтисослаштирилган спорт мактабида “Соғлом танда — сифатли тиббиёт” шиори остида тиббиёт ходимлари ўртасида кенг кўламли спорт мусобақаси бўлиб ўтди. Тадбир соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний фаолликни ошириш ҳамда тиббиёт соҳаси ходимлари ўртасида жамоавийлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилди.
Мусобақа Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Сирдарё вилоят кенгаши ташаббуси билан, вилоят соғлиқни сақлаш, спорт ва ёшлар ишлари бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вилоятнинг 11 туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 300 нафардан зиёд тиббиёт ходимлари иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Сирдарё вилоят кенгаши раиси Рустам Турсунмуродов мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга қаратилган изчил ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди. У, жумладан, Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт тадбирлари ёшлар ва аҳоли фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.
[gallery-28978]
Мусобақа давомида иштирокчилар спортнинг волейбол, мини футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка турлари бўйича ўзаро куч синашдилар. Беллашувлар юқори кайфият ва кескин рақобат руҳида ўтиб, ҳар бир жамоа ғалаба учун бор имкониятини ишга солди.
Айниқса, аёллар ўртасида ўтказилган волейбол, стол тенниси, шахмат ва шашка мусобақалари шиддатли тус олди. Рақиб жамоалар бор куч ва имкониятини ишга солиб, нафақат тиббиёт соҳасида, балки оилада ва спорт соҳасида ҳам тенгсиз ва пешқадам эканликларини намоён этишди. Уларни кузатиб борган ҳакамлар учун баҳолаш жараёни осон кечмади.
Беллашувлар том маънода спорт байрамига айланиб, иштирокчиларнинг чидам, маҳорат ва иродаси катта синовдан ўтди. Энг асосийси, ташкилотчилар томонидан белгиланган кубок, пул мукофоти, диплом ва эсдалик совғаларини қўлга киритиш осон кечмади.
Майдонларда ҳар бир балл, ҳар бир гол ва ҳар бир ютиб олинган партия катта меҳнат ва тайёргарлик самараси сифатида намоён бўлди. Жамоалар ўзаро кескин рақобат муҳитида ўз имкониятларини тўлиқ ишга солиб, ғалаба учун охиригача курашдилар.
Натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё вилоят филиали жамоаси барча рақибларини ортда қолдириб, 1-ўринни эгаллади ва “Касаба уюшмалари кубоги” соҳиби бўлди. Шунингдек, жамоа 30 миллион сўмлик пул мукофоти билан тақдирланди.
Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Ховос туман тиббиёт бирлашмаси жамоалари эса 2 ва 3-ўринни эгаллаб ўзларининг тенгсизликларини исботлашди. Бундан ташқари, ҳар бир спорт тури бўйича ғолиблар аниқланди. Якунда ғолиблар, совриндорлар ташкилотчиларнинг дипломлари ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА