Тиббиёт хабарлари
Фарғонада овқатдан заҳарланиш гумони билан шифохонага мурожаат қилганлар сони 57 нафарга етди
Жорий йилнинг 17-18 сентябрь кунлари Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби шикоятлар билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Соат 20:00 ҳолатига кўра, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг сони 57 нафарни ташкил этиб, улар шифохонага ётқизилган.
Дастлабки эпидемиологик суриштирув жараёнларида мазкур фуқаролар Учкўприк тумани Наврўзшоҳ кўчасида жойлашган "fast-food" маҳсулотлари тайёрлаш шохобчаларидан бирида хот-дог ва нон-бургер истеъмол қилгани аниқланган.
Шифокорларнинг хулосасига кўра, беморларда овқатдан заҳарланиш ҳолати гумон қилинмоқда. Ҳозирда оғир ва реанимацион ҳолатдаги беморлар йўқ.
Мазкур ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Айни пайтда мазкур тадбиркорлик субъектининг фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинчалик тўхтатилди.
***

Ўзбекистон тиббиёти тарихида яна бир муҳим саҳифа очилди. Гап шундаки, Тошкентдан қарийб 6 минг километр узоқликда жойлашган Италиянинг Падова шаҳридан туриб, пойтахтимиздаги беморда робот ёрдамида мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди.
Аввалроқ ўзбекистонлик жарроҳ Хитойнинг Уҳан шаҳридан туриб, Ўзбекистондаги уч нафар беморда робот ёрдамида операция ўтказган эди.
Мазкур трансконтинентал телеробот операцияси Европа роботик урологлари жамияти конгресси доирасида ташкил этилди. Жараён жонли эфирда намойиш этилиб, мингга яқин мутахассис, жумладан, ўзбекистонлик жарроҳлар ҳам унда онлайн тарзда иштирок этди.
***

Тошкент шаҳрида Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов Ҳиндистоннинг "Apollo Hospitals" шифохонасининг Ўзбекистодаги ваколатхонаси раҳбари Ризван Али Хон билан учрашув ўтказди.
Учрашувдан асосий мақсад Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида илмий-маданий ҳамда тиббий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан иборат.
Мулоқот чоғида томонлар Ҳиндистонга биринчи илмий экспедицияни ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон – Ҳиндистон тиббий форумларини ҳамкорликда ўтказиш масалаларини кенг муҳокама қилди.
Учрашув якунида мазкур ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ўзаро манфаатли Меморандум асосида йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
***

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва Корея Республикаси Озиқ-овқат ва дори воситалари хавфсизлиги вазирлиги (MFDS) ўртасида тиббий маҳсулотларни тартибга солиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжат имзоланган эди.
Мазкур келишувнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Алишер Темров бошчилигидаги делегация Корея Республикасида MFDS ҳамда Миллий озиқ-овқат ва дори воситалари хавфсизлигини баҳолаш институти (NIFDS) масъуллари билан учрашувлар ўтказди.
Мулoқотлар давомида меморандум доирасидаги ҳамкорликни аниқ йўналиш ва вазифалар асосида давом эттириш мақсадида қўшма йўл харитасини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди. Унда ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, амалга ошириладиган тадбирлар, уларнинг муддатлари ва масъул томонларни белгилаш назарда тутилиши қайд этилди.
Шунингдек, ЖССТнинг Global Benchmarking Tool (GBT) доирасида ҳамкорликни ривожлантириш, Марказ мутахассисларини Кореяда ўқитиш ва стажировкаларга жалб этиш, лабораториялараро синовларда иштирок этиш ҳамда экспертиза соҳасида тажриба алмашиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Маълумот учун, Корея Республикасининг MFDS тизими ЖССТнинг Global Benchmarking Tool (GBT) баҳолашида дори воситалари ва вакциналарни тартибга солиш бўйича энг юқори — Maturity Level 4 (ML4) даражасига эга. Шунингдек, MFDS ЖССТнинг WHO-Listed Authority (WLA) мақомига эга бўлиб, Кореянинг тартибга солиш тизими халқаро илғор амалиётлардан бири сифатида эътироф этилган.
NIFDS билан учрашувда Марказнинг илмий-эксперт ва лаборатория салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мутахассисларни Global Harmonization Center (GHC) дастурларига жалб этиш, экспертиза жараёнлари бўйича методик тажриба алмашиш ва лаборатория назоратини такомиллаштириш йўналишлари муҳокама қилинди.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Кореянинг илмий-эксперт ва лаборатория марказларига ҳам ташриф буюриб, уларнинг фаолияти, лаборатория инфратузилмаси, шунингдек, фармацевтика маҳсулотларини баҳолаш ва назорат қилиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Учрашувлар якунида томонлар меморандум доирасидаги ҳамкорликни амалий лойиҳалар билан бойитиш, мутахассислар алмашинуви ва қўшма ўқув дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, белгиланган йўналишлар бўйича ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олди.
***

Миллий тиббиёт марказида мураккаб ва юқори технологик нейрожарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.
Маълум қилинишича, мазкур мураккаб операцияни тажрибали нейрожарроҳ Ғайрат Эшқувватов бошчилигидаги мутахассислар жамоаси амалга оширди.
Жарроҳлик жараёнида бемордан олиб ташланган ўсманинг кўриниши кўпчиликни ҳайратга солди: у оппоқ рангда бўлиб, қаттиқлиги жиҳатидан суякка жуда ўхшар эди. Шу сабабли бу каби тузилмаларни «тошга айланган» деб ўйлаш мумкин.
Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, ўсманинг бундай ғайриоддий кўриниши унинг бутунлай қотиб қолганини англатмайди. Айрим менингиомаларда ҳужайралар орасида кальций йиғилмалари ҳосил бўлиши кузатилади. Натижада магнит-резонанс томография (МРТ) ёки кўп спирал компьютер томографияси (МСКТ) текширувларида ўсма жуда зич ва худди тошга ўхшаб кўринади.
Аслида эса унинг ички қисмида ҳам юмшоқ, ҳам ўсишда давом этувчи фаол ўсма тўқималари мавжуд бўлиши мумкин. Шу боис, «тошдек қотиб қолган экан, демак хавфсиз ва уни олиш шарт эмас» деган қараш мутлақо нотўғри бўлиб, бемор саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин экан.
Мутахассисларнинг саъй-ҳаракатлари билан ўтказилган мазкур юқори технологик амалиёт беморни оғир хасталикдан халос этди.
***

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили 10 нафар бемордан 1 нафари тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнида турли зарар кўради. Мутахассисларнинг қайд этишича, бундай салбий ҳолатларнинг тахминан ярмининг олдини олиш мумкин.
Юқумли бўлмаган касалликлар билан яшовчи инсонлар хасталикнинг узоқ давом этиши, доимий муолажалар ва тиббий муассасаларга тез-тез мурожаат қилиш зарурати туфайли кўпроқ хавфга дуч келади. Инсон соғлиқни сақлаш тизими билан қанчалик кўп мулоқотда бўлса, тиббий зарарга учраш эҳтимоли ҳам шунчалик ортиб боради.
Хусусан, айрим хасталикларда, масалан, саратон (онкология) касаллигида тиббий ёрдам кўрсатиш пайтидаги нохуш ҳолатлар ҳар 3 бемордан 1 нафарида кузатилиши аниқланган.
Шу муносабат билан, ЖССТ дунёнинг исталган нуқтасида ҳар бир инсон учун хавфсиз тиббий ёрдамни таъминлаш, мавжуд хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўришга чақирмоқда.
***

Болалар миллий тиббиёт марказида Ҳиндистоннинг етакчи хусусий тиббиёт муассасаларидан бири – «KIMS Hospitals» вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Марказ директори Б.Умаров ҳамда «KIMS Hospitals» вакиллари икки тиббиёт муассасаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Мулоқот чоғида асосий эътибор мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, онлайн семинар ва видеоконференциялар ташкил этиш, мураккаб клиник ҳолатлар бўйича хорижий мутахассислар билан маслаҳатлашувлар ўтказишга қаратилди. Шунингдек, «KIMS Hospitals» етакчи мутахассисларининг Марказга амалий ташрифларини йўлга қўйиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, Болалар миллий тиббиёт маркази мутахассисларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, алоҳида тиббий йўналишлар бўйича қўшма таълим тадбирларини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро тажриба ва билим алмашинувини кенгайтириш ҳамда келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олди.
***

Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов KOFIH, Yonsei университети ҳамда Korea IT Consulting (KITC) олим ва экспертлари билан учрашди.
Мулоқот давомида BioPharma City инновацион фармацевтика кластерида шакллантирилаётган экотизим, унда илм-фан, таълим, илмий-тадқиқот, технологиялар ва ишлаб чиқариш жараёнларини ягона тизимда бирлаштириш имкониятлари ҳақида фикр алмашилди.
Шунингдек, илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш, замонавий технологиялар ва билимлар трансферини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, инновацион маҳсулотлар яратиш ҳамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Корея тажрибасидан фойдаланган ҳолда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА