Тиббиёт: тор соҳа мутахассисларини тайёрлашда резидентура дастурлари жорий этилади
Шу йилнинг 10 сентябрида қабул қилинган “Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, тор соҳа мутахассисларини тайёрлашда клиник ординатура негизида халқаро стандартлар асосида давомийлиги табақалаштирилган резидентура дастурлари босқичма-босқич жорий этилади.
Бунда резидентурада тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш давлат тиббиёт таълим ташкилотлари ва тиббиёт муассасаларида давлат гранти асосида амалга оширилади.
2026/2027 ўқув йилидан оилавий тиббиёт йўналиши бўйича резидентура ташкил этилади ҳамда битирувчиларга оилавий шифокор мутахассислиги берилади.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш тўлиқ резидентура орқали амалга оширилади ва ординатурага қабул тўхтатилиши ҳамда тиббиёт йўналишидаги тор соҳа мутахассисликлари бўйича магистратурага умумий давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини қисқартириш ҳисобига бўшайдиган маблағлар мутахассисларни резидентурада тайёрлашга йўналтирилади.
Давлат гранти асосида резидентурага қабул қилинган талабаларга Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 2,15 коэффициент миқдорида стипендия тўланади.
Резидентура таълим дастурларини ўзлаштирганларга Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи ва Миллий малакалар рамкасининг 7-даражасига мос келувчи таълим тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.
ЎзА