Тиббиёт соҳасига Давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилган?
Парламент қуйи палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси муҳокама қилинар экан, соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағлар ва улардан фойдаланиш самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълум қилинганидек, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида тиббиёт соҳасига Давлат бюджетидан 22,7 триллион сўм ажратилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 триллион сўмга кўп. Ушбу маблағлар ҳисобидан 3 минг 839 та тиббиёт муассасаси фаолияти таъминланмоқда.
Тиббиёт ходимларининг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга 13 триллион 64,6 миллиард сўм, дори-дармон ва зарарсизлантирувчи воситаларга 1 триллион 689,1 миллиард сўм йўналтирилган.
Муҳокамаларда фракция аъзолари айрим тиббий дастурларда маблағларни ўзлаштириш даражаси пастлигини таъкидлаб, эътироз билдирди. Масалан, аллергик касалликларга чалинган беморларни зарур дори воситалари билан таъминлаш дастурида ижро 20 фоиз даражасида қолган. Орфан ва ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш йўналишида ҳам маблағларни ўзлаштириш паст.

Депутатлар кам учрайдиган ва ирсий касалликларга чалинган болалар учун зарур дори-дармон ва тиббий воситаларни харид қилиш жараёнида бюрократик кечикишларга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлаб, бюджетдан йўналтирилаётган маблағларни ўз вақтида ўзлаштириш лозимлигини айтиб ўтдилар.
Шунингдек, ижтимоий тўловларнинг манзиллилиги ва самарадорлигини янада ошириш, эҳтиёжманд фуқароларга кўмаклашиш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бир қатор таклифлар билдирилди.
М.Комилова, ЎзА