Тиббиёт соҳасида ўзбек-тожик ҳамкорлиги Ибн Сино меросини замонавий технологиялар руҳи билан бойитмоқда
Ўзбек ва тожик халқлари икки тилда сўзлашувчи бир халқ сифатида маданияти, тарихи, ривожланиши муштарак бўлган яқин қўшнилардир. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон юртимизга ташриф буюргани бу яқинликни, ўзаро алоқаларни янада кенгайтирди. Ташриф доирасида қатор муҳим тадбирлар ўтказилиб, ҳамкорликнинг кенг қамровли йўналишлари муҳокама қилинди, кўплаб соҳаларда ҳамкорлик битимлари имзоланди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Севара Убайдуллаева ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда парламент олдида турган вазифаларга алоҳида тўхталди:
— Яқин қўшничилик ва стратегик шериклик — бугунги мураккаб ва глобал беқарорлик шароитида давлатларнинг барқарор тараққиёти, хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминловчи энг муҳим тамал тошларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Айниқса, асрлар давомида муштарак тарих, ягона дин ва қадриятлар, ўхшаш маданият билан чамбарчас боғланган, бир дарёдан сув ичиб, бир ҳаводан нафас олган халқлар учун бундай ҳамкорлик нафақат сиёсий манфаат, балки ҳаётий ва табиий эҳтиёждир.

Шу нуқтаи назардан, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга давлат ташрифи Марказий Осиёнинг замонавий тарихида мутлақо янги саҳифа очган, стратегик ва маънавий жиҳатдан беқиёс аҳамият касб этган воқеа бўлди.
Мазкур ташриф доирасида илк бор ўтказилган Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши икки томонлама муносабатларни институционал ва сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққанини алоҳида эътироф этиш лозим. Бундай олий даражадаги формат давлатлараро мулоқотни тизимли, изчил ва натижадор қилишга хизмат қилиши билан бирга, стратегик қарорларни қабул қилишда узвийлик ва барқарорликни таъминловчи муҳим механизмга айланди.
Икки давлат раҳбарлари томонидан имзоланган Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнот мазмун-моҳиятига кўра дипломатик муносабатлар энг юқори босқичга чиққанини билдиради. Бу икки биродар халқнинг умумий тақдири, ягона мақсадлари ва уйғун истиқболини ифода этувчи мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий кафолатдир. “Иттифоқчилик” мақоми эса давлатлараро муносабатларнинг энг юқори чўққиси бўлиб, у нафақат сиёсий ҳамкорлик, балки хавфсизлик, иқтисодиёт ва гуманитар соҳаларда ҳам бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишни англатади.
Ташриф доирасида ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган муҳим ҳужжатлар тўплами имзоланди. Жумладан, товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаштириш электрон тизимларини ўзаро қўллаш тўғрисидаги битим ҳамда “E-Permit” ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик битими ташқи иқтисодий фаолиятни тўлиқ рақамлаштириш йўлидаги инқилобий қадамдир. Бу тизимлар орқали инсон омили қисқаради, коррупциявий хавфлар бартараф этилади ва тадбиркорлар учун янги қулайликлар яратилади.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битим эса икки биродар халқнинг генофондини асраш ва замонавий тиббиёт ютуқларидан тенг фойдаланишни таъминлаш йўлидаги тарихий қадам бўлди.
Ушбу йўналишдаги шериклик қуйидаги тўртта устувор муҳим жиҳатни қамраб олади. Хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон тиббиёт марказлари ўртасида телемедицина ва масофавий диагностика тизимларини кенг жорий этиш назарда тутилган. Бу, айниқса, мураккаб жарроҳлик амалиётлари ва онкологик, кардиологик касалликларни даволашда икки мамлакат етакчи олимларининг тажрибасини бирлаштириш имконини беради.
Икки давлат ҳудудида ишлаб чиқарилаётган дори воситаларини ўзаро тан олиш ва фармацевтика бозорини интеграция қилиш бўйича келишувлар сифатли ва арзон маҳаллий препаратларнинг аҳоли учун очиқлигини таъминлайди. Бу «дори-дармон хавфсизлиги» концепциясининг амалий ифодасидир.
Олий тиббий таълим муассасалари ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорлик, қўшма факультетлар ва магистратура дастурларини ташкил этиш — келажак тиббиёти учун халқаро стандартларга жавоб берадиган янги авлод шифокорларини тайёрлашга хизмат қилади. Мутахассисларнинг қисқа муддатли малака ошириш курслари доимий равишда ташкил этилади.
Чегарадош ҳудудларда юқумли касалликларнинг тарқалишига қарши биргаликда курашиш, мониторинг тизимини рақамлаштириш ва тезкор ахборот алмашинуви минтақавий эпидемиологик хавфсизликнинг мустаҳкам қалқонига айланади.
Бу борадаги ҳамкорликнинг маънавий илдизи ҳар икки халқ ардоқлайдиган Абу Али ибн Сино меросига бориб тақалади. Бугунги келишувлар ушбу буюк меросни замонавий технологиялар ва давлатлараро иттифоқчилик руҳи билан бойитмоқда.
Бундан ташқари, чегараолди ҳудудларда радиочастоталарни ўзлаштиришни мувофиқлаштириш тўғрисидаги битим, “Ўзбекистон – Тожикистон инвестиция компанияси”ни ташкил этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга киритилган ўзгартиришлар, Фанлар академиялари ўртасидаги илмий ҳамкорлик, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа кўплаб соҳаларга оид ҳамкорликлар ҳамда “йўл хариталари” икки халқнинг ўзаро бирлигини, ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлайди.
Ташрифнинг иккинчи куни боқий Бухоро шаҳрида давом этганида ҳам чуқур ҳикмат бор. Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасида янграган “Дил ба ёру, даст ба кор” шиори бугунги ислоҳотлар фалсафаси билан нақадар уйғун экани алоҳида рамзий маънога эга бўлиб, бу маънавият ва амалий фаолият уйғунлиги орқали юксак тараққиётга эришиш ғоясининг ифодасидир.
Мазкур юксак даражаги ҳамкорликлар парламентлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, қабул қилинган тарихий келишувларнинг ҳаётий ижросини таъминлаш, қонунчилик базасини уйғунлаштириш ва парламентлараро мулоқотни мазмунан чуқурлаштириш орқали ушбу стратегик шерикликни мустаҳкамлаш бизнинг энг устувор вазифамизга айланди.
Ҳамкорликдаги вазифалар ҳаётда ўз аксини топиши учун парламентлараро ҳамкорлик ҳамда имзоланган келишувлар, шартномалар, битимлар ва “йўл хариталари”нинг ҳар бир банди бўйича аниқ натижаларга эришилишини таъминловчи тизимли, узлуксиз ва самарадорликка йўналтирилган қатъий парламент назоратини ўрнатиш лозим. Бу борада, аввало, қонунчилик базасини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш лозим. Чунки давлатлараро келишувлар амалда ишлаши учун улар миллий қонунчиликка имплементация қилиниши, имзоланган битимлар тегишли қонун ва қонуности ҳужжатлар билан мустаҳкамланиши зарур.
Яна бир устувор вазифа — парламентлараро дипломатияни кучайтириш. Зеро, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари фақат ижро ҳокимиятлари даражасида эмас, балки қонун чиқарувчи органлар ўртасида ҳам чуқур институционал мулоқотни талаб этади. Қўшма комиссиялар, дўстлик гуруҳлари ва доимий мулоқот майдонлари орқали қонунчилик тажрибаси алмашилади, минтақавий ва умумий муаммоларга биргаликда ечим топилади, келишувларнинг ҳуқуқий асослари уйғунлаштирилади.
Яна бир муҳим жиҳат — ҳудудий кесимда назоратни кучайтирган ҳолда кўплаб келишувлар, айниқса, чегараолди ҳамкорлик, инфратузилма, савдо ва соғлиқни сақлашга оид лойиҳаларнинг жойларда амалга оширилишида биз, халқ вакиллари сайлов округларида бевосита ўрганиб, муаммоларни тезкор ҳал этилишига кўмаклашишимиз зарур.
Бир сўз билан айтганда, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг мазкур тарихий ташрифи Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларида ҳақиқий янги “олтин давр”ни бошлаб берди. Бу иттифоқчилик нафақат икки давлат, балки бутун Марказий Осиё минтақаси барқарорлиги, хавфсизлиги ва тараққиёти учун енгилмас ва мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова ёзиб олди.