Тиббиёт: муассасалар нуфузи ва ишончлилиги халқаро стандартлар билан ўлчанади
Шарҳ
Кейинги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш ва тиббий хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз томонидан 2026 йилнинг 5 май куни имзоланган “Тиббиёт соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор бу борадаги ислоҳотларни янги, сифат босқичига олиб чиқишга хизмат қилади.
Ушбу ҳужжат шунчаки ташкилий ўзгариш эмас, балки аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишда давлат ва хусусий сектор учун ягона, шаффоф ва халқаро талабларга асосланган назорат тизимини ўрнатишга қаратилган стратегик қадамдир.
Ҳужжатдаги энг муҳим янгиликлардан бири, эндиликда нафақат хусусий, балки давлат тиббиёт муассасалари учун ҳам мажбурий лицензиялаш тизими жорий этилаётганидир. Бу давлат шифохоналарида ҳам хизмат кўрсатиш шароитлари ва сифатини қатъий назорат қилиш имконини беради.
Мазкур жараён босқичма-босқич амалга оширилади. 2027 йил 1 апрелга қадар республика даражасидаги муассасалар, 2028 йил якунига қадар ҳудудий (вилоят) даражадаги муассасалар, 2030 йил якунига қадар туман ва шаҳар даражасидаги шифохоналар.
Бунинг натижасида 2030 йилгача 3 000 дан ортиқ давлат тиббиёт масканлари замонавий лицензия талабларига мослаштирилади.
Қарорга кўра, тиббиёт ташкилотларининг нуфузи ва ишончлилиги эндиликда халқаро стандартлар билан ўлчанади. 2028 йил 1 апрелдан бошлаб миллий ёки халқаро (ISQua) аккредитациядан ўтмаган республика даражасидаги давлат ва нодавлат шифохоналар билан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ўртасида шартнома тузилмайди. Бу дегани, сифат талабига жавоб бермаган муассасаларга давлат буюртмаси берилмайди.
Тиббиётдаги бюрократия ва сифатсиз хизматга қарши энг самарали кураш рақамлаштиришдир. 2027 йил 1 апрелдан бошлаб барча тиббиёт ташкилотлари ўз ахборот тизимларини ягона Рақамли соғлиқни сақлаш платформасига интеграция қилиши шарт.
Бу нима беради? Биринчидан, бунда беморлар ҳақидаги маълумотлар алмашинуви тезлашади. Иккинчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги янги Марказ – "Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази" тиббиёт ташкилотлари фаолиятини масофавий баҳолаб боради. Учинчидан, ташхислаш ва даволаш стандартларининг электрон базаси орқали шифокорлар иши назорат қилинади.
Соҳада шаффофликни таъминлаш мақсадида 2026 йил 1 июлдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида махсус Марказ – "Тиббиёт ташкилотларини лицензиялаш ва аккредитациялаш маркази" иш бошлайди. Унга тиббий фаолиятни лицензиялаш ва сифатни назорат қилиш бўйича барча ваколатлар берилмоқда.
Эътиборли жиҳати, назорат тизимида тадбиркорлар (хусусий клиникалар) ҳуқуқлари ҳам ҳимояланган. Текширувлар бошлангач 24 соат ичида Бизнес-омбудсман хабардор қилинади. Шу билан бирга, профилактика тадбирлари давомида объектларни кўздан кечириш орқали камчиликларни олдиндан бартараф этишга урғу берилади.
Тизимни замон талабларига мослаштириш учун 2026 йилда давлат бюджетидан 20 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланди.
Шунингдек, "Эл-юрт умиди" жамғармаси орқали Марказнинг 20 нафар ва соҳадаги ННТларнинг 5 нафар мутахассиси хорижда малака оширади.
Ушбу қарор соғлиқни сақлаш тизимини бошқаришда янги даврни бошлаб беради. Энди энг асосий мезон кўрсатилаётган тиббий хизматнинг халқаро стандартларга, клиник протоколларга қанчалик мос келишидир. Бу ислоҳотларнинг пировард мақсади эса битта – Ўзбекистон фуқаролари учун дунё стандартлари даражасидаги хавфсиз ва сифатли тиббиётни таъминлаш.
Моҳигул Қосимова, ЎзА