Тиббиёт: миллий тажриба ва жаҳон стандартлари интеграцияси
Тошкентда маҳаллий ва хорижлик кардиожарроҳлар иштирокида ноёб юқори технологик операциялар ўтказилмоқда. Бу миллий тиббиётимизнинг глобал соғлиқни сақлаш тизимига интеграциялашувида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини жаҳон стандартлари даражасига кўтариш устувор вазифага айлангани ҳеч кимга сир эмас. Бу жараёнда соҳага инновацион технологияларни жорий этиш билан бир қаторда, хорижнинг энг илғор тиббиёт марказлари, хусусан, Жанубий Корея, Хитой ва Европа давлатлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда миллий тиббиётимиз замонавий тиббиётнинг энг сўнгги ютуқларини фаол ўзлаштирмоқда. Айни кунларда пойтахтимиздаги Миллий тиббиёт марказида халқаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган мураккаб кардиожарроҳлик амалиётлари фикримизнинг амалий исботидир.
Хусусан, Миллий тиббиёт марказида Хитойнинг нуфузли Сian Jiaotong университети ҳузуридаги Биринчи клиник шифохонаси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Расмий мулоқотлар давомида икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашув якунида икки муассаса ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжатга кўра, энг мураккаб амалиётлар ҳамкорликда бажарилади ва янги методлар жорий этилади. Маҳаллий мутахассислар хорижда малака оширади ва тренинглар ташкил этилади. Шунингдек, замонавий диагностика ва даволаш стандартлари тиббиёт амалиётига татбиқ қилинади.
Ушбу келишув юртимизда беморларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини тубдан яхшилаш, соҳага инновацион ёндашувларни кенг жорий қилишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, хитойлик кардиожарроҳлар жамоаси Марказ мутахассислари билан биргаликда 6 та мураккаб ва юқори технологик кардиожарроҳлик амалиётини муваффақиятли якунлади. Хусусан, тиббиётнинг сўнгги ютуқларидан бири ҳисобланган MICS CABG — миниинвазив аорто-коронар шунтлаш ҳамда миниинвазив юрак клапанларини протезлаш амалиётлари бажарилди.
Маълумот учун, анъанавий жарроҳликдан фарқли ўлароқ, миниинвазив усулда кўкрак қафаси катта кесилмайди. Бу эса бемор организмига кам шикаст етказиши, операцион хавфларни камайтириши, энг муҳими, беморнинг оёққа туриш ва тикланиш даврини бир неча баробарга қисқартириши билан тиббиётда юксак баҳоланади.
Хитойлик етакчи кардиожарроҳларнинг сўзларига кўра, юрак хасталиклари бутун дунёда ўлим кўрсаткичи бўйича биринчи ўринларда туради. Шу боис, ушбу соҳада сониялар ва энг сўнгги технологиялар инсон ҳаётини ҳал қилади.
– Тошкентга ташрифимиз давомида ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг салоҳияти ва марказдаги мавжуд шароитларни кўриб, тўғриси, ҳайратда қолдим. Биз амалга оширган миниинвазив операциялар юқори аниқликдаги назорат ва замонавий тиббий асбоб-ускуналарни талаб этади. Миллий тиббиёт маркази бу борада жаҳоннинг энг илғор клиникалари билан бемалол рақобатлаша олади. Биз фақат тажриба улашмаяпмиз, балки ўзаро ўрганмоқдамиз. Бу ердаги ёш шифокорларнинг билимга чанқоқлиги, янги технологияларни тез ўзлаштириши миллий тиббиётингиз келажаги ишончли қўлларда эканидан далолат беради. Мақсадимиз — ушбу ҳамкорлик орқали юрак хасталигидан азият чекаётган юзлаб беморларнинг сифатли ҳаётга қайтишига кўмаклашишдир, – дейди Сian Jiaotong касалхонаси бош кардиожарроҳи, профессор Ян Янг.
Бугун Ўзбекистон тиббиёти фақат битта давлат билан ҳамкорлик ўрнатиш ёки йўналиш билан чекланиб қолаётгани йўқ. Масалан, юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида рақамлаштириш, тиббий суғурта ва клиникаларни бошқариш тизимида Жанубий Корея тажрибаси фаол қўлланилаётган бўлса, мураккаб трансплантология, кардиожарроҳлик ва онкология йўналишларида Хитой, Туркия ва Европа давлатларининг етакчи марказлари билан доимий кўприклар ўрнатилган.
Замонавий тиббиёт глобаллашув ва тинимсиз тажриба алмашинуви устига қурилган. Халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши бир пайтлар фақат хорижда мавжуд бўлган, катта маблағ талаб қилган ноёб операцияларни эндиликда ўз юртимизда, ҳамёнбоп ва юқори сифатда олиш имкониятини яратмоқда.
Миллий тиббиёт маркази ва Хитойнинг Сian Jiaotong университети ўртасидаги ушбу амалий шериклик мамлакатимиз кардиожарроҳлиги ривожида янги саҳифа очади. Бу каби лойиҳаларнинг пировард мақсади эса ягона: инсон қадрини улуғлаш, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш ва соғлом келажакни таъминлашдир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА