Тиббиёт маскани фойдаланишга топширилди
Гулистон шаҳридаги Ибратли маҳалласида жойлашган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 2-сонли оилавий поликлиника филиали — “Баҳор-2” мукаммал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Янги қиёфага эга бўлган муассаса 4200 дан зиёд аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, кунига 50 нафаргача беморни қабул қила олади. Муассасада 2 нафар шифокор ва 8 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият юритмоқда.
Мазкур тиббиёт масканида замонавий тиббий хизмат кўрсатиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Кундузги даволаниш бўлими учун 4 ўринли палата, “Ёш оналар мактаби”, фитобар, муолажа хонаси ва рўйхатхона ташкил этилган. Шунингдек, бино энергия тежамкор тизим асосида модернизация қилиниб, қуёш батареялари ва геотермал (геоколлектор) ускуналари ўрнатилган.
[gallery-30205]
Фуқаролар учун янада қулайлик яратиш мақсадида ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан кўзи ожиз ва ҳаракатланиши чекланган фуқаролар учун махсус пандуслар, йўлаклар ва дам олиш ўриндиқлари барпо этилди.
Лойиҳа доирасида жами 570 миллион сўм маблағ сарфланди. Муассаса олти ой давомида мукаммал таъмирдан чиқарилиб, тўлиқ янгиланган ҳолда фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида Гулистон шаҳар ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси вакиллари, меҳнат фахрийлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
– Президентимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимига қаратилаётган юксак эътибор ва кўрсатилаётган амалий ёрдам натижасида мазкур муассасамиз қайта модернизация қилинди. Бугун бу ерда аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Энг муҳими, ушбу ишлар соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий самарасидир, – дейди Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Мурод Кўпайсинов.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов(сурат) ЎзА