Тиббий ва ижтимоий хизматлар уйғунлашмоқда
Инсон саломатлиги ва ижтимоий фаровонлиги бир-бири билан узвий боғлиқ. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун тиббий кўрикдан ўтиш, зарур экспертизадан фойдаланиш, реабилитацияга йўналтирилиш ва ижтимоий хизматларни ўз вақтида олиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис бу жараёнларда масъул идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва хизматларни ягона ёндашув асосида ташкил этиши долзарб вазифалардан биридир.
Тошкент вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига тиббий ва ижтимоий хизматларни янада яқинлаштириш мақсадида Ижтимоий ҳимоя мажмуаси фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур мажмуада ижтимоий ҳимоя ва тиббий хизматларни бир-бири билан мувофиқлаштириш учун зарур шароитлар яратилган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов мазкур мажмуа фаолияти билан танишиб, бу ерда яратилган шароитлар ва аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнларини ўрганди. Мажмуа таркибида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси, Ҳудудий ижтимоий инспекция, Нурафшон шаҳри “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси ҳамда Ҳудудий ижтимоий хизматлар маркази фаолият юритмоқда.

Мулоқот давомида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов томонидан соҳада жорий этилган хизматлар, аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатишнинг мавжуд механизмлари ҳамда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Учрашувда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, тиббий-ижтимоий экспертиза жараёнларини мувофиқлаштириш, фуқароларни реабилитацияга йўналтириш, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга зарур хизматларни манзилли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Масъуллар фуқароларни тиббий ва ижтимоий хизматларга йўналтириш жараёнларини мувофиқлаштириш, ўзаро маълумот алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда аҳолига комплекс хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди.
Белгиланган вазифалар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга зарур тиббий ва ижтимоий хизматларни ўз вақтида, манзилли ҳамда ўзаро мувофиқлашган ҳолда кўрсатишга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА