“The National Interestt”: Ўзбекистон инвестиция, технология ва муҳим минералларга эътибор қаратмоқда
Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотни жадаллаштириб, Марказий Осиёда минерал қазиб олиш, технология ва транспорт инфратузилмаси учун асосий марказга айланишга интилмоқда. Бу ҳақда “The National Interest” нашри мамлакатимизнинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сидиқов билан уюштирган интервьюда таъкидланган.
Сўнгги пайт Тошкент ва Вашингтон иқтисодий ҳамкорликни сезиларли даражада кенгайтирди. Томонлар кейинги 10 йил давомида қиймати 105 миллиард долларга тенг савдо ва инвестиция лойиҳалари, тахминан 35 миллиард долларлик тезкор мажбурият бўйича келишиб олди. Белгиланган асосий йўналишлар – энергетика, авиация, технология, инфратузилма ва муҳим минераллар.
– Умумий манфаат авиация, муҳим минераллар, энергетика, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва технологияда тобора кўп кесишмоқда, – дея таъкидлаган элчи. – Минерал ресурсларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон 2,6 миллиард долларлик 76 лойиҳа амалга оширишни кўзлаяпти. Нафақат қазиб олиш, балки хом ашёни мамлакат ичида қайта ишлашни ҳам ривожлантирамиз. Мақсадимиз ишлаб чиқаришни кенгайтириб, малакали иш ўринлари яратишни истаймиз.
Тошкент минтақавий ҳамкорликни ҳам мустаҳкамламоқда, Марказий Осиёда транспорт ва энергетика тизимини такомиллаштириш, Афғонистонни минтақавий лойиҳаларга қўшиш қўллаб-қувватланяпти.
С.Раҳимов, ЎзА