The Financial Express: Самарқанд дунё шахмат оламининг диққат марказида
Бангладеш Республикасининг “The Financial Express” нашри Самарқандда ўтаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ҳақида мақола эълон қилди.
“Самарқанд: Ўзбекистон шахмат дипломатияси учун янги уфқ” сарлавҳали материалда 15–27 сентябрь кунлари ўтаётган олимпиада Ўзбекистоннинг йирик халқаро интеллектуал мусобақаларни ташкил этиш салоҳиятини намоён этаётганига эътибор қаратилган.
Нашрга кўра, 200 дан ортиқ мамлакатдан 400 та миллий жамоа иштирок этаётган мусобақа туфайли Самарқанд жаҳон шахмати марказига айланган. Марказий Осиёда илк бор ўтказилаётган олимпиаданинг асосий баҳслари “Silk Road Samarkand” халқаро мажмуасида ташкил этилмоқда.
Мақолада олимпиада доирасида имконияти чекланган шахматчилар ўртасидаги III ФИДЕ шахмат олимпиадаси ўтказилгани ва ФИДЕнинг 97-конгресси ташкил этилганига ҳам эътибор қаратилган.
“The Financial Express” Ўзбекистон шахматчиларининг натижаларини алоҳида эътироф этган.
Хориж нашри олимпиада доирасида шахмат ва таълим масалаларига бағишланган ФИДЕ саммити ўтказилаётганига ҳам тўхталган. Бу ФИДЕ томонидан 2026 йил “Таълимда шахмат йили” деб эълон қилингани билан боғлиқ экани таъкидланган.
Нашр хулосасида Самарқанддаги олимпиада Ўзбекистоннинг йирик халқаро тадбирларни ўтказиш имкониятлари билан бирга, мамлакат шахмат мактабининг жаҳон майдонидаги натижаларини ҳам намоён этаётгани қайд этилган.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА