Тежамкор технологиялар самара бермоқда
Фарғона вилоятида тежамкор технологияларни жорий этиш борасидаги лойиҳалар тадбиркорларга иқтисодий манфаат ва самарадорлик бермоқда.
Данғара туманидаги “Marrakesh agro plus” масъулияти чекланган жамиятининг гидропоника усулида помидор етиштириш лойиҳаси ҳамда муқобил энергия тежовчи технологияларини жорий этиш ишлари буни яққол кўрсатиб турибди.

Айни кунларда 8 гектар майдондаги иссиқхонада помидор етиштириляпти. Маҳсулотлар хорижга экспорт қилинади. Бу ерда Хитойдан келтирилган замонавий иситиш қозонлари ҳамда 300 кВтли қуёш панеллари ўрнатилди.


– Лойиҳа қиймати 3 миллион долларни ташкил этади, – дейди жамият раҳбари Рустамбек Йўлдошев. – Бундай технологияларнинг жорий этилиши электр энергияси ҳамда ёқилғи маҳсулотларининг сарфини икки-уч баробар қисқартирди. Қуёш панелларининг ўрнатилиши ҳисобига йилига электр-энергиядан ўртача 330 миллион сўм иқтисод қилинмоқда. Табиий газ билан бир ойда 206 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарф этилган. Тежамкор кўмир қозони эса бир ойда 116 миллион сўмни тежашга хизмат қиляпти.
М.Сулаймонов, ЎзА