Техникумларда сифат бошқаруви такомиллаштирилмоқда
Таълим сифати ҳар қандай жамият тараққиётини юксалтирувчи асосий омиллардан бири. Айниқса, касбий таълим тизимида сифатни таъминлаш ва уни доимий равишда такомиллаштириб бориш меҳнат бозорининг ўзгарувчан талабларига мослашишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги биносида “Техникумларда сифат бошқарувини такомиллаштириш” мавзусида республика миқёсидаги семинар-тренинг ташкил этилаётгани соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси сифатида алоҳида эътиборга лойиқ.
Мазкур семинар-тренинг Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги, Касбий таълим агентлиги ҳамда Швейцариянинг “HELVETAS” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Ушбу ҳамкорлик таълим тизимига илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш ва бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Семинар-тренингда республиканинг барча ҳудудларидан 80 нафардан ортиқ техникум директорлари ҳамда таълим сифатини таъминлаш бўйича масъул мутахассисларнинг иштирок этиши унинг қамрови ва аҳамиятини янада оширди. Семинар-тренингдан кўзланган асосий мақсад техникумларда ички сифатни таъминлаш тизимини ривожлантириш, замонавий бошқарув ёндашувларини жорий этиш ҳамда таълим дастурларини меҳнат бозори талабларига мослаштиришдан иборат.
[gallery-28963]
Мазкур семинар-тренингнинг яна бир муҳим жиҳати, ундаги таклиф ва тавсияларнинг амалий аҳамиятга эга эканидир. Иштирокчилар томонидан кичик гуруҳларда ишлаб чиқилган ғоялар якунда муҳокама қилиниб, умумлаштирилади. Бу эса келгусида техникумлар фаолиятига инновацион ёндашувларни жорий этиш имконини беради.
Эндиликда, халқаро таълим майдонида сифатни бошқариш масаласи фақат назарий тушунча бўлиб қолмай, амалий бошқарув воситасига ҳам айланган. Ички сифатни таъминлаш тизимлари орқали таълим муассасалари ўз фаолиятини мустақил баҳолаш, камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, меҳнат бозори билан интеграцияни кучайтириш бугунги касбий таълим тизимининг устувор йўналишларидан биридир. Таълим дастурларини иш берувчилар талабларига мослаштириш орқали битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш мумкин. Семинар давомида айнан шу йўналишга алоҳида эътибор қаратилаётгани унинг стратегик аҳамиятини кўрсатади.
“Техникумларда сифат бошқарувини такомиллаштириш” мавзусидаги семинар-тренинг касбий таълим тизимини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим ташаббусдир. У нафақат таълим сифатини оширишга, балки бошқарув самарадорлигини кучайтириш, инновацион ёндашувларни жорий этишга ҳам замин яратади.
Мазкур семинар-тренингни касбий таълим тизимидаги ислоҳотларнинг муҳим босқичи сифатида баҳолаш мумкин. У соҳада барқарор ривожланиш, самарали бошқарув ва юқори сифатли таълимни таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлади хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА