Тест синовлари мувоффақияли ўтказилди
Жиззах вилоятида “Жасорат мактаблари”га қабулнинг муҳим босқичи — тест синовлари муваффақиятли ташкил этилди. Икки секторда ўтказилган имтиҳонларда 1 минг 252 нафар номзод ўз билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказди.
2026/2027-ўқув йили учун “Жасорат мактаблари”га қабул жараёнларининг асосий босқичларидан бири ҳисобланган тест синовлари Жиззах вилоятида юқори ташкилий савияда ўтказилди. Имтиҳонлар номзодларнинг билим ва тайёргарлигини холис баҳолаш, қабул жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш тамойиллари асосида ташкил этилди.
Вилоятда тест синовлари Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спорт мажмуасининг икки секторида ташкил қилинди. Уларнинг бири Шароф Рашидов туманидаги Оқтош ота маҳалла фуқаролар йиғини, Янги Ўзбекистон массивида, иккинчиси эса Жиззах шаҳрининг «Сайилжойи» маҳалла фуқаролар йиғини, Истиқлол кўчасидаги 12-уй манзилида жойлашган бинода ўтказилди.
[gallery-30213]
Имтиҳон жараёнлари учун жами 54 та гуруҳ шакллантирилди. Тест синовларини ўтказиш мақсадида 1 минг 620 та ўрин ҳозирланди. Ҳужжатлари қабул қилинган 1 минг 252 нафар номзод ана шу яратилган шарт-шароитларда ўз билим ва салоҳиятини намоён этиш имконига эга бўлди.
Шундан биринчи секторда 28 та гуруҳ учун 840 та ўрин ажратилди ва 840 нафар номзод тест синовида иштирок этди. Иккинчи секторда эса 26 та гуруҳ ташкил қилиниб, 780 та ўрин тайёрланди. Бу ерда 412 нафар талабгор имтиҳон топширди.
Тест жараёнлари давомида ташкилий ишлар белгиланган тартиб асосида амалга оширилди. Номзодларни рўйхатга олиш, аудиторияларга жойлаштириш, тест материалларини тарқатиш ҳамда жараённи назорат қилиш ишлари белгиланган талаблар асосида ташкил этилди.
Масъуллар қайд этганидек, имтиҳонлар очиқлик, холислик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилинган ҳолда ўтказилди. Бу эса ҳар бир номзоднинг билим ва қобилиятини адолатли баҳолаш, қабул жараёнининг ишончли ва тизимли ташкил этилишини таъминлашга хизмат қилди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари