Термизда янгиланган давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Термиз шаҳридаги 6-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти мукаммал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.
Муассаса инвестиция дастури доирасида ажратилган 3,4 миллиард сўм маблағ ҳисобидан тўлиқ реконструкция қилинди. Очилиш маросимида Термиз шаҳар ҳокими Шарофиддин Лолаев, нуронийлар, жамоатчилик вакиллари, соҳа масъуллари, ота-оналар ҳамда болажонлар иштирок этди.
[gallery-31016]
Амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида боғчанинг сиғими 100 ўриндан 150 ўринга етказилди. Келгусида бу кўрсаткични 210 ўрингача ошириш режалаштирилган.
Муассасадаги барча машғулот хоналари замонавий мебель ва жиҳозлар билан таъминланди. Янги ошхона ва кир ювиш хонаси барпо этилди, энергия тежамкорлигини таъминлаш мақсадида қуёш панеллари ўрнатилди. Ҳовли ҳудудида эса болалар учун замонавий ўйин майдончалари ташкил этилди.
Таъкидланганидек, янгиланган давлат мактабгача таълим ташкилотида яратилган шарт-шароитлар болажонларнинг сифатли таълим-тарбия олиши, мазмунли ҳордиқ чиқариши ва соғлом вояга етишига хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА