Термизда “афғон шамоли” таъсирини камайтириш масаласи муҳокама этилди
Сурхондарё вилоятида эсадиган “афғон шамоли” таъсирини камайтириб, қум, чанг бўронлари ва ҳаво ифлосланишига чидамлиликни ошириш мамлакатимизда давлатимиз белгилаб олган муҳим устувор йўналишлардан бирига айланди.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 мартда қабул қилинган “Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ҳам ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Термиз шаҳрида қум ва чанг бўронлари ҳамда ҳаво ифлосланишига чидамлиликни ошириш лойиҳаси доирасида БМТ Атроф-муҳит бўйича дастури (УНЕП), Финляндия Метеорология институти (ФМИ) ҳамда Ўзбекистоннинг алоқадор ташкилотлари ҳамкорлигида ZOOM платформаси орқали ташкил этган техник маслаҳат йиғилишида ҳам мазкур масала атрофлича муҳокама этилди.

Унда вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси мутасаддилари ҳамда соҳага алоқадор бошқа мутахассислар онлайн иштирок этди.

– Воҳада кейинги йилларда “афғон шамоли”нинг салбий таъсирини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Урунов. – Зеро, бу масаланинг ечимини топиш халқимизнинг яна бир асрий орзусини рўёбга чиқариб, экологик вазиятни барқарорлаштиради. Эндиликда бу масалага илмий асосда ёндашилаётгани тўсатдан эсадиган шамол таъсирини юмшатади. Бугун бўлиб ўтган тадбирда ҳам БМТ Атроф-муҳит бўйича дастури (УНЕП), Финляндия Метеорология институти (ФМИ) ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари вакиллари билан Термиз шаҳрида қум ва чанг бўронлари таъсирида ҳаво ифлосланишининг салбий оқибатларини камайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдик. Таклиф ва тавсияларимизни билдирдик.

Онлайн учрашувда “афғон шамоли“ таъсири атрофлича таҳлил қилинди. Қум ва чанг бўронлари ҳамда ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ хавфларни баҳолаш, аҳолининг иқлим хавфларига чидамлилигини ошириш, эрта огоҳлантириш тизимларини такомиллаштириб, ҳаво сифати мониторингини кучайтириш, маҳаллий даражада мослашув чораларини амалга ошириш учун манфаатдор ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишилди. Фойдали таклифлар илгари сурилди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ жорий йил вилоятдаги Ангор ва Термиз туманида “яшил белбоғ”лар барпо этилди. Жумладан, Ангор туманининг М39 халқаро магистраль автомобиль йўли бўйидаги 102 гектар ер майдонида 261 минг туп ва “Қорақир” даҳаси ҳудудидаги 108 гектар ерда вилоятдаги 6 та давлат ўрмон хўжалиги 270 минг туп, Термиз тумани “Каттақум” даҳасининг 82 гектар ер майдонида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ташаббуси билан 218 минг туп мевали ва манзарали дарахт, Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 31 гектар ер майдонда 12,7 минг туп “элдор” қарағай кўчати экилиб, ундириб олинди.

Мутахассисларнинг айтишича, воҳанинг “афғон шамоли” эсадиган йўналишлар бўйлаб яратилаётган “яшил белбоғ”лар келажакда унинг таъсирини камайтириб, қум ва тупроқ кўчишининг олдини олади. Ерларни эрозиядан сақлайди. Иқлимни юмшатадиган табиий тўсиқ, шамол ва чангдан ҳимоялайдиган “яшил қалқон” вазифасини бажариб, атмосфера ҳавоси сифатини яхшилайди.
Вилоятда белгилаб олинган ҳудудларни кўкаламзорлаштириб, яшил майдонларни кенгайтириш “Яшил макон” умуммиллий дастурининг кузги мавсумида давом этади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири