ТерДУнинг жисмоний тарбия ва спорт бўйича тажрибаси ўрганилмоқда
Президент топшириғи – амалда
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг келгуси устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Термиз давлат университетининг бу йўналишда самарали тажриба шакллантиргани алоҳида таъкидланди. Шу муносабат билан мамлакатимиздаги 207 та олий таълим муассасаси ректорларига мазкур илғор тажрибани ўрганиш ва амалиётга жорий этиш, шунингдек, спорт соҳасини ривожлантириш бўйича бир йиллик аниқ режалар ишлаб чиқиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Спорт вазирлиги Термиз шаҳрида спорт ҳафталиги ва олий таълим муассасалари раҳбарлари учун ўқув-амалий семинар ташкил этди.
Семинар иштирокчилари дастлаб эрта тонгдан “Соғлом ҳаёт учун ўн минг қадам” шиори остида оммавий юриш марафони ўтказиб, Термиз шаҳридаги “Термиз Сурхон спорт” мажмуасидан Термиз давлат университетигача бўлган масофани пиёда босиб ўтди. Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилди.
[gallery-28925]
Термиз давлат университетининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги тажрибасини ўрганиш масалаларига бағишланган ўқув-амалий семинарнинг очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Спорт вазири Адҳам Икрамовлар мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларни спортга кенг жалб этиб, Ватанимиз довруғини дунёга кенг ёйиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, бу жараёнда спорт билан дўст тутинган талаба-ёшларга қаратилаётган юксак эътибор, жисмоний тарбия ва спортни олий таълим тизими билан узвий боғлаш, талабалар ўртасида соғлом ва фаол ҳаёт тарзини шакллантириш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш ҳақида атрофлича сўз юритди. Давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 7 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган муҳим вазифалар ҳам ана шундай улуғвор мақсадларга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Семинар иштирокчилари ТерДУ ректори А.Тошқуловнинг Термиз давлат университетининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги тажрибалари ҳамда истиқболдаги режаларга бағишланган тақдимоти билан танишди.
Айни пайтда университетда 18 та спорт иншооти мавжуд. Соҳани ривожлантириш учун биргина ўтган йили спорт инфратузилмасига 4,7 миллиард сўм, спорт клубларига 3,2 миллиард сўм маблағ сарфланди. Яратилаётган замонавий шароитлар талаба-спортчилар учун қулай муҳит яратиб, уларнинг машғулотларга қизиқиш ва интилишини оширмоқда. Турли беллашувларда совринли ўринларни эгаллашга ундаётир. Жумладан, ўтган йил ТерДУнинг талаба-спортчилари 309 та медалга сазовор бўлди. Унинг 18 таси халқаро мусобақаларда қўлга киритилди.
Семинар доирасида меҳмонлар университетнинг теннис корти, сузиш ҳавзаси, фитнес ва оғир атлетика заллари, кураш мажмуаси ва шахмат хоналарини кўздан кечирди. Стадиондаги футбол, гандбол ва баскетбол майдонларида маҳалла ёшлари учун ташкил этилган тўгараклар, шунингдек, адаптив спорт йўналишидаги янгича ёндашувлар семинар қатнашчиларига жуда манзур бўлди.
Айни пайтда олий таълим муассасасида фаолият юритаётган тўртта клубга 18 спорт тури бўйича беш минг талаба қамраб олинган. Волейбол ва гандбол жамоалари олий лигада, футзал ва футбол жамоалари эса 1-лига беллашувларида фаол қатнашаётир.
Термизда бошланган спорт ҳафталигида талаба-қизлар ўртасида футбол бўйича “Вазир кубоги” мусобақасига ҳам старт берилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 12 та энг кучли жамоа ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда.
Семинар иштирокчиларининг эртага Сурхондарё вилоятидаги тарихий обидаларни зиёрат қилиши ҳам режалаштирилган.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири