Теннисчиларимиз халқаро турнирларда вице-чемпион бўлди
Қозоғистон ва Тожикистонда Халқаро теннис федерацияси томонидан ўсмирлар ўртасида ташкил этилган нуфузли мусобақаларда ёш теннисчиларимиз муваффақиятли иштирок этиб, совриндорлар қаторидан жой олди.
Жумладан, Остона шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган J300 таснифидаги «Astana Open» турнирининг жуфтлик баҳсларида ҳамюртларимиз Акмал Абдуллаев ва Данила Квасов финалга қадар бўлган учрашувларни муваффақиятли ўтказиб, вице-чемпионга айланди.
Душанбе шаҳрида ташкил этилган J60 туркумидаги «Президент кубоги — 2026» мусобақасида ҳамюртимиз Сарвар Отабоев ва россиялик Егор Елховский тандеми финалга йўл олди. Бош соврин учун кечган ҳал қилувчи баҳсда улар тожикистонлик Сомон Амонов ҳамда беларуслик Матвей Жарин жуфтлигига имкониятни бой берди. Шу тариқа Сарвар Отабоев ва Егор Елховский мусобақани вице-чемпион сифатида якунлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА