Теннис: Мария ва Полина “Roland Garros”да ўйнайди
Франциянинг Париж шаҳрида теннис бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи “Roland Garros” турнири ўтказилмоқда. 7 июнь кунига қадар давом этаётган ушбу нуфузли мусобақада мамлакатимиз шарафини Мария Тимофеева ва Полина Кудерметова ҳимоя қилаётир.
Улар турнирдаги ўз иштирокини саралаш босқичидан бошлайдиган бўлди. Асосий тўрга чиқиш учун ўтадиган мазкур босқичда Полина илк даврада нидерландиялик Анук Ковермансга қарши кортга чиқса, Мария канадалик Каденция Брейс билан рақобатлашадиган бўлди.
Ушбу тўқнашувлар бугун мамлакатимиз вақти билан соат 16:30 дан сўнг бошланади.
Маълумот учун, “Roland Garros” турнирининг аёллар ўртасидаги мукофот пули 29 миллион 137 минг 500 АҚШ долларини ташкил этади. Мусобақанинг амалдаги ғолиби америкалик Коко Гоуфф ҳисобланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА