Текшириш ўтказувчилар қонунларни биладими?
Аслида назорат қилувчи органлар қонун талабларига риоя этилиши устидан назорат қилиб, тадбиркорлар эса белгиланган тартибга риоя этиши керак.
Аслида назорат қилувчи органлар қонун талабларига риоя этилиши устидан назорат қилиб, тадбиркорлар эса белгиланган тартибга риоя этиши керак. Агарда ишбилармонлар ва назорат қилувчи органлар ўртасида самарали ҳамкорлик бўлмаса, назорат қилувчи органларга нисбатан ишончсизлик бўлса, нима қилиш керак?
Бундай ҳолатнинг кўплаб омиллари бўлиши мумкин. Энг ёмони ва кўп тарқалганларидан бири – назорат қилувчи органлари ходимларининг ноқонуний харакатлари ҳисобланади.
Бизнес-омбудсман матбуот хизматидан маълум қилишларича, тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ҳақида етарли даражада билимга эга эмаслик, лавозим мажбуриятларига маъсулият билан ёндошмаганлик, баъзида атайин амалдаги қонун хужжатлари талабларига риоя қилмаслик натижасида назорат қилувчи орган ходимлари тадбиркорларнинг тинчлигини бузади. Бу каби ноқонуний харакатлар кимнингдир тадбиркорлик фаолиятига зарар етказишига ёки масъул ходимнинг қонун талабларини бузгани учун жавобгарликка тортилишига олиб келади.
Мисол учун, жорий йилнинг май ойида Зафаробод туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ш.Жумашев ва бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ходимлари Жиззах вилоятида фаолият юритаётган “Саодат она” МЧЖнинг фаолиятида текширув ўтказишган.
Текширув Зафаробод туман ҳокимининг қарори асосида туманда ердан самарасиз фойдаланиш ҳолатларига барҳам бериш ва қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар масъулиятини ошириш мақсадида ўтказилган. Масъул ходимлар тадбиркорни қонун талабларига риоя этишини талаб қилишган, аммо ўзлари бундай тартибига риоя этишни унутган.
Қайд этиш керакки, ноқонуний текширувларни олдини олиш мақсадида 2018 йилда Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими ишга туширилган ва тадбиркорлар фаолиятидаги барча текширувлар ушбу тизимда рўйхатга олиниши шарт. Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар эса ноқонуний ҳисобланади.
“Саодат она” МЧЖнинг фаолиятида текширув ўтказган масъуллар мазкур текширув тадбирларини Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олмаган ва шунга кўра ўтказилган текширув ноқонуний ҳисобланади. Шу боис Бизнес-омбудсман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси номига Тақдимнома киритди. Натижада, Зафаробод туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ш.М.Жумашевга нисбатан Меҳнат кодексининг 181-моддаси 1-банди билан интизомий жазо чораси кўрилди.