Тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди
Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Эшматов Чироқчи туманида бўлди.
Унда бюджетга қўшимча манбаларни жалб қилиш борасида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Тадбиркор ва фермерлар учун қабул ўтказиб, мурожаатларни тинглади. Жойларга чиқиб, тадбиркорлар фаолиятини ўрганди.
Дастлаб Чироқчи тумани солиқ инспекцияси шахсий таркиб ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказиб, ўтган йилда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган хатолар, жорий йилнинг январь ойи учун белгиланган бюджет прогноз режаси ижросини ўз вақтида, сифатли бажариш юзасидан олиб борилаётган ишларни муҳокама қилди. Бунда кўрсаткичлар маҳаллага бириктирилган солиқ инспекторлар кесимида таҳлил қилинди. Келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.
Шу ернинг ўзида тумандаги солиқ қарзи юқори бўлган фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларга мажбуриятларини бажаришлари шартлиги, акс ҳолда мажбурий ундирув чоралари кўрилиши тушунтирилди.
[gallery-21366]
Шундан сўнг Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Эшматов туманда фаолият олиб бораётган тадбиркорларни солиққа оид муаммоларини ўрганиш ва унга ечим топиш мақсадида қабул ўтказди.
Қабулда 10 дан ортиқ тадбиркор ва фермерлар ўзларини қийнаб келаётган муаммолар билан мурожаат қилди.
Жумладан, тумандаги “Сардор Мурод Юксал” фермер хўжалиги раҳбари Иринқул Турдиев қўшилган қиймат солиғидан мавжуд ортиқча 52 миллион сўм маблағни қайтаришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Ҳар бир мурожаатнинг ижроси назоратга олиниб, унинг ечими учун аниқ вақт ва масъуллар белгилаб олинди.
– Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи қабулига келдик. Муаммомизни айтдик. Ушбу масаламиз ўрганиш жараёнида эканлигини, тез орада ҳал бўлишини билдирди, – дейди Иринқул Турдиев. – Мен ушбу қабул учун миннатдорчилик билдираман.
Қашқадарё вилояти солиқ бошқармасининг бошлиғи Сирожиддин Эшматов “Чироқчи деҳқон озиқ-овқат бозори” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, тадбиркорлар билан мулоқот қилди. Уларга савдо қоидаларига амал қилган ҳолда фаолиятини олиб бориши, харид қилинган маҳсулотлар учун онлайн назорат касса машинасининг чекини бериш шартлигини тушунтириб ўтди. Бозордаги нарх-наво билан танишди.
Ушбу ўрганишлар натижаси бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши белгилаб олинди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари