Театр сари яна бир қадам
Мамлакатимизда "Театр томошалари ҳафталиги" қизғин руҳда ўтмоқда. Ижодий жамоалар ўзларининг энг сара спектаклларини томошабинларга тақдим қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг "Театр томошалари ҳафталиги" лойиҳаси томошабинларга юртимиз театрларининг энг яхши спектаклларидан бепул баҳраманд бўлиш имконини бераётгани билан аҳамиятли.
Гарчи, спектакль учун сотилаётган чипталар нархи қиммат бўлмаса-да, ушбу ҳафталик аҳолини тобора кўпроқ театрга жалб этиш, энг яхши саҳна асарлардан томошабинларнинг баҳраманд бўлиши учун яна бир имконият бўлди.

Ҳафталик доирасида Ўзбекистон давлат драма театрида Жан Коктонинг "Сенга интизорман" спектакли намойиш этилди. Расулжон Тоғайқулов томонидан саҳналаштирилган ушбу спектакль соф инсоний туйғуларнинг гўзаллиги билан томошабинларда ўзгача таассурот қолдирди.
– Бундай ҳафталиклар кўпроқ бўлишини истардик, - деди Мухлиса Акбарова. – Тўғриси, театрга ҳамма ҳам кундалик ташвишларидан ортиб келавермайди. Лекин бугун театрга келишга барибир вақт топиш зарурлигини англадим. Ҳордиқ оласиз, ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошлайсиз.
– Агар имконим бўлганида театрга тез-тез келардим, - дейди Мухтабар Шомуродова. – Ўзбек Миллий академик театрида "Усмон Носир" спектаклини кўрдик. Шоир ҳаётининг нақадар оғир кечганига шу спектакль орқали гувоҳ бўлдик.

Айтиш керакки, ҳафталик доирасида Ўзбекистон Ёш томошабинлар театрида "Game over” спектакли тақдим этилди. Болаларни интернет, компьютер ва смартфонларга қарамликдан огоҳ этувчи ушбу спектакль ёш томошабинлар ва катталар учун ҳам бирдек фойдалидир.
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театрининг "Аида" спектаклини кўриш учун эса турнақатор навбат эди...
Ҳа, ушбу ҳафталик баҳонасида кимдир умрида биринчи марта театр остонасига қадам қўйди, унга яқинлашди. Кимдир эса томоша санъатидан яна бир бор баҳраманд бўлди.
Буларнинг барчаси театр санъатини халқимизга тақдим этиш борасидаги амалий ишлар натижасидир.
Назокат Усмонова, ЎзА