ТДТ саммитида қандай масалалар муҳокама қилинади?
Бугунги мураккаб геосиёсий жараёнлар, халқаро иқтисодий муносабатлардаги ўзгаришлар ва минтақавий интеграцияга эҳтиёж ортиб бораётган бир шароитда Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасидаги ҳамкорлик тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Ташкилотга аъзо мамлакатларни нафақат муштарак тарих, тил ва маданий қадриятлар, балки иқтисодий манфаатлар, транспорт-коммуникация имкониятлари ҳамда барқарор тараққиётга интилиш ҳам бирлаштирмоқда.
Жорий йилнинг 29–30 октябрь кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг давлат раҳбарлари даражасидаги 13-саммити ана шу ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим сиёсий мулоқот майдони бўлиши кутилмоқда.
“Туркий аср: тилда, фикрда, ишда бирлик” шиори остида ўтадиган саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади. Таъкидланишича, анжуманда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, транспорт-логистика, маданий-гуманитар алоқалар, туризм, экология ҳамда таълим соҳаларидаги муносабатларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади.

Cиёсий фанлар доктори, профессор Фарҳод Каримов фикрича, Анқара саммити Туркий давлатлар ташкилотининг келгуси тараққиёт йўналишларини белгилаш, мавжуд ташаббусларни амалий лойиҳаларга айлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
– Туркий мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар бугун фақат тарихий ва маданий яқинлик билан чекланиб қолаётгани йўқ. Аксинча, иқтисодий интеграция, инвестициялар, энергетика хавфсизлиги, транспорт йўлакларини ривожлантириш ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик ташкилот фаолиятининг устувор йўналишларига айланмоқда. Анқара саммитининг аҳамияти ҳам айнан шу жараёнларни янада жадаллаштириш имконияти билан белгиланади, -дейди эксперт.
Унинг таъкидлашича, саммит кун тартибида транспорт ва логистика масалалари алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Осиё ва Европани боғловчи Транскаспий халқаро транспорт йўналиши — Ўрта коридор имкониятларини кенгайтириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва юк ташиш жараёнларини рақамлаштириш аъзо мамлакатлар учун стратегик аҳамият касб этади.
Бу борада Ўзбекистоннинг географик жойлашуви ва транзит салоҳияти муҳим омил ҳисобланади. Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини Транскаспий йўналиши билан боғлаш истиқболлари мамлакатимизнинг халқаро транспорт тизимидаги ўрнини мустаҳкамлаши мумкин.
Ф.Каримовнинг қайд этишича, иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришда савдо тўсиқларини камайтириш, қўшма саноат лойиҳаларини кўпайтириш ва инвестициявий механизмларни такомиллаштириш муҳим вазифалардан саналади. Шу нуқтаи назардан, Туркий инвестиция жамғармаси имкониятларидан самарали фойдаланиш, кичик ва ўрта бизнес ўртасидаги кооперацияни кенгайтириш истиқболли йўналишлардан биридир.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда ўлкамизнинг ТДТга аъзо давлатлар билан савдо айланмаси 9,607 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Бу Ўзбекистон умумий ташқи савдосининг қарийб 12 фоизига тенг. Мазкур кўрсаткич ҳам тузилма доирасидаги иқтисодий алоқалар мамлакатимиз учун муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Экспертнинг фикрича, энергетика ва рақамли трансформация ҳам саммитда эътибор қаратиладиган асосий йўналишлардан бўлади. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, рақамли савдо ва замонавий технологиялар бўйича ҳамкорликни кучайтириш аъзо давлатлар иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
– Бугунги глобал рақобат шароитида давлатларнинг имкониятлари фақат табиий ресурслар ёки ишлаб чиқариш ҳажми билан белгиланмайди. Замонавий технологиялар, инновациялар, инсон капитали ва транспорт инфратузилмаси ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, туркий мамлакатларнинг мавжуд салоҳиятини ўзаро уйғунлаштириш барча иштирокчилар учун янги иқтисодий имкониятлар яратиши мумкин, -дея таъкидлайди профессор.
Шу билан бирга, саммитда ташкилотнинг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш масаласи ҳам муҳим ўрин эгаллайди. ТДТ котибиятининг расмий ахборотига кўра, Анқара анжумани доирасида ташкилотга раислик Озарбайжондан Туркияга ўтади. Шунингдек, янги Бош котибни тайинлаш ва келгуси давр учун стратегик устувор вазифаларни белгилаш масалалари ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Ф.Каримов айтишича, мазкур жараёнлар ТДТнинг халқаро майдондаги фаоллигини ошириш, аъзо давлатлар ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларни кучайтириш ва умумий манфаатларга дахлдор масалалар бўйича мулоқотни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Эксперт маданий-гуманитар ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Унинг фикрича, умумий тарихий меросни асраб-авайлаш, таълим ва илм-фан соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, ёшлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш туркий мамлакатлар муносабатларининг узоқ муддатли пойдеворини мустаҳкамлайди.
Йиғин доирасида “Туркий дунё мулоқот форуми” ҳам ўтказилиши кўзда тутилган. Унда медиа ҳамкорлик, стратегик коммуникациялар, сунъий интеллект, дезинформацияга қарши курашиш ва қўшма ахборот платформаларини ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.
– Ўзбекистон учун Туркий давлатлар ташкилоти кўп томонлама ташқи сиёсатни амалга ошириш, иқтисодий шерикликни кенгайтириш ва минтақавий боғлиқликни кучайтиришнинг муҳим платформаларидан биридир. Республикамиз тузилма доирасида илгари сураётган ташаббуслар, аввало, ўзаро манфаатли ҳамкорликка, амалий натижаларга ва барча иштирокчиларнинг барқарор тараққиётига қаратилган, -дея қайд этади Фарҳод Каримов.
Профессорнинг фикрича, Анқара саммитининг натижадорлиги қабул қилинадиган ҳужжатлар билан бир қаторда, уларнинг амалиётга татбиқ этилиши, қўшма лойиҳаларнинг изчил давом эттирилиши ва иқтисодий ҳамкорликнинг аниқ самаралари билан ҳам белгиланади.
Саммит якунида “Анқара декларацияси” ҳамда ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган қатор қарор ва ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда. Бу эса Туркий давлатлар ташкилотининг келгуси фаолияти учун янги вазифалар ва ҳамкорлик истиқболларини белгилаб бериши мумкин.
Ўткир АЛИМОВ,
ЎзА