«Таъзим сизга, Устозлар» – фахрий журналистларга эҳтиром тадбири
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Қибрай туманидаги Нуронийлар марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан «Таъзим сизга, Устозлар» номли маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Мазкур тадбир миллий журналистика соҳасида кўп йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, ёш авлодга нафақат билим, балки ҳаётий тажриба ва эзгу қадриятларни сингдириб келаётган устоз ижодкорларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишга бағишлангани билан аҳамиятли бўлди.
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов, Ўзбекистон фахрийларининг “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев ва бошқалар миллий медиа соҳа равнақида устоз журналистларнинг ҳиссаси, бетакрор ижод йўли, заҳматли меҳнатлари муҳим аҳамиятга эга эканини эътироф этдилар.
Дарҳақиқат, устозлар инсон ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, унинг дунёқараши, билими ва келажакдаги мақсадлари шаклланишида муҳим ўрин эгаллайдиган касб эгасидир. Уларнинг меҳнати ёшлар учун катта ибрат мактабидир.
«Таъзим сизга, Устозлар» тадбирида миллий журналистикамизда узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган устоз журналистларнинг намунали фаолияти ҳақида сўз юритилди. Уларнинг ижоди, шогирдлар тарбиясидаги ўрни, ёш авлод билан ишлашдаги тажрибаси ва ҳаётий сабоқлари эътироф этилди.
[gallery-31752]
Чиндан ҳам устозларнинг жамият ҳаётидаги ўрни, таълим сифати ва инсон камолоти йўлидаги меҳнати беқиёсдир. Зеро, ҳар бир авлоднинг камол топишида унга сабоқ берган, йўл кўрсатган ва ўз тажрибаси билан ўрнак бўлган инсонларнинг ҳиссаси бор.
Айниқса, кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида юзлаб, минглаб шогирдларга намуна бўлган фидойи, заҳматкаш устоз журналистларнинг тажрибаси бугунги ёшлар учун ҳам муҳим мактаб вазифасини ўтайди.
Тадбирда нуронийлар, журналистлар, ижодкорлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Маданий-маърифий тадбир дастуридан устозларга бағишланган чиқишлар, самимий тилаклар ва маданий дастур ўрин олди.
Эътироф этилганидек, устозга ҳурмат инсон маънавиятининг узвий қисми саналади. «Таъзим сизга, Устозлар» тадбири ҳам ана шу меҳнатни қадрлаш, миллий журналистика соҳасидаги устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида мулоқот қилиш учун ўзига хос маърифий майдон бўлиб хизмат қилди.
Н.Усмонова, А.Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари