Таътил пуллари берилиши таъминланди
– Давлат ташкилотида ишлаб туриб, декрет пулини ололмасам, дардимни кимга айтишни ҳам билмайман, – дейди Конимех туман давлат хизматлари марказига архив маълумотларини олишга келган мурожаатчилардан бири.
Марказнинг кутиш ўриндиғида танишига паст овозда гапираётган аёлнинг ташқи кўринишидан зиёли эканлигини англадим.
– Муаммони қонуний ҳал қиладиган ташкилотлар кўп, – дедим ўзимни таништириб. Унинг қайси касбда, қаерда ишлашини сўраганимда аёлнинг чеҳраси очилди. У олти ойдан буён туғиш таътили пулларини ололмаётганини тушунтира кетди. Аёл тумандаги мактабгача таълим ташкилотларининг бирида ишлар экан. Мазкур қоидабузарлик бўйича мурожаат қилолмаслигини айтиб, андишага борган ўқитувчини тушунгандай бўлдим. Боиси, у иш жойидаги раҳбарлар билан яхши-ёмон бўлгиси йўқ.
Ҳамма гап шунда-да, ҳақ бўла туриб ҳуқуқини талаб қилолмаслик андиша эмас, ҳуқуқий савиянинг ҳаминқадарлигидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида”ги низомнинг 10-бандида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини такомиллаштиришнинг мониторинги ва таҳлилини олиб бориш адлия органларининг асосий вазифаси этиб белгиланган.
Туман адлия бўлими томонидан Конимех туманидаги Мактабгача ва мактаб таълим бўлимида “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги низом талаблари ижроси таҳлил қилинди.
Аниқландики, мазкур муассасада Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 404-моддаси ва юқорида қайд қилинган низом талаблари қўпол равишда бузилган. Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан 2023 йилнинг март, апрель, май ойларида ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан 22 нафар ходимга ҳисобланган 191 миллион 896 минг сўм миқдордаги маблағлар тўлаб берилмаган.
Бу қоидабузарликка суд идораларининг аралашувисиз адлия идорасининг Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига киритган тақдимномаси билан чек қўйилди.
3 ой давомида ўқитувчиларга 191 миллион сўмдан ортиқ ҳамиладорлик ва туғиш таътили пуллари нега тўланмаганлиги кўпчиликни ҳайратга солса ажабмас... Бу пуллар 22 нафар она ва бола саломатлигини тиклаш ва бошқа харажатлари учун вақтида сарфланиши, маблағ 22 оиланинг иқтисодига кўмак бўлиши мумкин эди. Бироқ кеч бўлса-да, оналар туғиш таътили пулларини қўлларига олди.
Нурали Исроилов,
Навоий вилояти Конимех тумани адлия бўлими бошлиғи.
ЎзА