Татаристон делегацияси Бухорода
Татаристон Республикаси таълим ва фан вазири Илсур Хадиуллин бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифи давомида Бухорога ҳам келди.
Меҳмонлар дастлаб Бухоро шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби фаолияти билан яқиндан танишди. Ўқув жараёнларининг бориши, ўқитиш методикалари билан қизиқишди. Ўқувчилар томонидан тақдим этилган татар миллий қўшиқ ва рақсларидан иборат мусиқий чиқишлар уларни бениҳоя мамнун этди.

Вазир бошчилигидаги делегациянинг кейинги манзили Бухоро туманидаги 18-умумтаълим мактаби бўлди. Бу ерда меҳмонлар миллий урф-одатларимиз асосида тантанали кутиб олинди. Ўқувчиларнинг байрамона чиқишлари орқали ўзбек ва татар халқларининг ўзаро яқинлиги, азалдан қариндошлик ва биродарлик ришталари билан боғланганлиги намойиш этилди.

Меҳмонлар мактаб фаолияти билан танишиш жараёнида ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоева меҳмонларга Бухоронинг ўзига хос тажрибаси ҳақида гапириб берди. Татаристон делегацияси вакиллари мамлакатимизда Давлат раҳбари ташаббуси билан таълимга берилаётган эътибор, ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш ва ёшларнинг чуқур билим олиши учун яратилаётган имкониятларга юқори баҳо беришди.
Ташриф давомида меҳмонлар кўҳна ва боқий Бухоронинг диққатга сазовор тарихий жойларида бўлишди.
Зариф Комилов, ЎзА